23 Март 2023 йил 532

Умидли ёшлар. АЁЛ ФАОЛ БЎЛСА…

Чилонзор тумани ИИОФМБ 4-сонли ИИБ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант Ўғилой Бозорованинг бу йўналишда иш бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, капитан Ирода Мусурмонқулова ҳамда 4-сонли ИИБ ҲПБ ХҚМБ катта инспектори, майор Зумрад Мирзаевадан билмаганларини ўрганиб, ҳамкорликда фаолият олиб бораётган қаҳрамонимиз ҳудуддаги оғир шароитга тушиб қолган аёллар билан манзилли ишлар олиб бормоқда. Мутасадди ташкилотлар билан тазйиққа учраган хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар, ижтимоий, психологик ҳамда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Жумладан, жорий йил бошидан буён оилавий келишмовчиликларга ва тазйиққа учраб, 4-сонли ИИБга мурожаат қилган аёлларга ўрнатилган тартибда 15 та ҳимоя ордери берилди. «Хонтўпи», «Яккатут» ва «Бўрижар» маҳалласидаги 3 та низоли оила ўрганилиб, уларга ҳимоя ордери берилган эди. Ажрим ёқасига келиб қолган мазкур оилалар бир ойлик муддат давомида ўзаро яраштирилди.

Мана шундай келишмовчилик, тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш, гиёҳвандлик балосининг олдини олиш ҳамда кибержиноятчилик қурбони бўлиб қолишдан сақланиш мақсадида олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 6 маротаба давра суҳбати ҳамда конференциялар ўтказилди.

Хотин-қизлар бандлиги таъминланса, жамиятда ижтимоий барқарорлик бўлади. «Хайробод» маҳалласида яшовчи З.Шарипова тикувчиликка қизиқиши, аммо ўқиб-ўрганиш учун шароити йўқлигини билдириб мурожаат қилган эди. Бу ҳолат ўрганиб чиқилиб, унинг тикувчилик курсида ўқиши учун шароит яратилди. Ҳозирда у сертификатга эга бўлди ва ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Хулоса шуки, хотин-қизларни ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсдан ижтимоий фаол шахсга айлантириш бугуннинг энг муҳим талабидир. Аёл фаол бўлса, фарзандлари баркамол ва оиласи фаровон бўлади. Натижада юртимиз тараққий этаверади. Бунда хотин-қизлар масалалари йўналишида хизмат олиб бораётган лейтенант Ўғилой Бозоровага ўхшаган кўплаб осойишталик посбонларининг алоҳида ўрни бор.

Сарвар СОБИРОВ,
«Postda» мухбири.

Барча янгиликлар

Text to speech