15 Март 2022 йил 1166

Аёли эъзозланган жамият ҳеч қачон завол топмайди

Аёл – матонат, жасорат, муҳаббат! Аёл – она! Аёл – жамоат арбоби. Бир сўз билан айтганда аёл ҳаёт гули, умр безагидир.

Бугун мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу эса Ўзбекистоннинг инсон қадр қиммати, ҳуқуқлари борасида ташлаган муҳим қадамларидан биридир.

Янги Ўзбекистонда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, бандлигини ошириш, уларга муносиб меҳнат шароитини яратиш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда турли даражадаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 500 нафардан ортиқ хотин-қизлар вазирлик ва идораларда, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди.

Ҳозирги кунда уларни турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича тизимли ўқувлар ташкил этилмоқда. Ўзбекистонда 6 нафар аёл ҳокимлик лавозимини, Ички ишлар вазирлиги тизимида 16 нафар аёл раҳбарлик мақомини эгаллади.

ИИВ тизимида фаолият юритаётган шундай эътирофга муносиб аёл Муҳаббат Аҳмедова 1985 йил 3 январда Тошкент шаҳрида туғилган. 2005 йилда ИИВ Академиясини тугатган.

Бугунги кунда подполковник Муҳаббат Аҳмедова Тошкент шаҳар ИИББ маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари лавозимида хизмат қилади. Муҳаббат Аҳмедова билан суҳбатимиз беихтиёр унинг болалик хотиралари билан бошланди.

– Муҳаббатхон, болалигингиз, ички ишлар тизимига илк қизиқишингиз ҳақида гапириб беринг? Бу соҳага кириб қолишингиз тасодифми?

– Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилганман. 1991 йилда Мирзо Улуғбек туманидаги 121-сонли мактабга бориб, ушбу мактабни 2001 йилда аъло баҳолар билан тугатдим. Мактаб давридаёқ ички ишларга қизиқишим юқори бўлган. Айнан, 2005 йилда ИИВ Академиясига ҳужжатларимни топшириш истаги пайдо бўлди. Болалигим ўтган, улғайиб ўсган маҳаллам шу олий даргоҳнинг ҳудудида жойлашганлиги, у ерда таҳсил олаётган курсантларнинг тонг саҳардан Ватанимиз мадҳиясини тарраннум этувчи қўшиқ остида жанговар юриб ўтишлари қалбимда ғурур, хавас туйғусини шакллантирган, десам муболаға эмас.

Форма кийишга бўлган иштиёқимни раҳматли отамга айтганимда улар ҳам мени қўллаб-қувватлаганлар. Чунки дадам ҳам Тошкент милиция мактабида олий тоифали, катта ўқитувчи бўлиб 35 йил ишлаган ва нафақага чиққан. Отамнинг хоналарида курсантларнинг ўқув дарс машғулотлари режаси, мавзулари, улар билан тушган суратларини кўп учратиш мумкин эди.

Шундай қилиб, ушбу муқаддас даргоҳни 2005 йилда имтиёзли қизил диплом билан тамомлагач, хизмат фаолиятимни Транспортда жамоат хафсизлигини таъминлаш бошқармаси Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати инспектори лавозимидан бошладим. Хизмат фаолиятим давомида кўрсатган ташаббускорлигим, масъулиятим туфайли вазирликнинг қўл соати, фахрий ёрлиқлари билан мукофотландим. Ушбу йўналишда олиб борган 19 йиллик тажрибам инобатга олиниб, Тошкент шаҳар ИИББ маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинландим.

– Ушбу тизимда ишлаш аёл кишига бироз мураккаблик туғдиради, деб ўйлайман. Аёл киши учун оила, фарзандлар тарбияси ҳам аслида муҳим бир фаолият. Қийналмайсизми?

– Дарвоқе таъкидлашим керакки, ушбу даражага эришишимда оиламнинг, турмуш ўртоғимнинг ҳиссаси алоҳида аҳамиятга эга. Биз оилада 4 нафар фарзанд бўлиб, барчамиз олий юридик маълумотга эгамиз ва ҳозирги кунда турли давлат ташкилотларининг раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқдамиз. Жумладан, тумуш ўртоғим ҳам ҳуқуқшунос бўлиб, уларнинг маънавий ва руҳий кўмаги ёрдамида ҳар қандай муаммоларни осонликча бартараф этиб келаётганлигим ҳам бунинг ёрқин исботидир.

– Ўзбекистонда гендер тенглик, яъни эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги айни ҳаёт тарзимизда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топаяпти, деб бемалол айта оламиз. Сиз ҳам асосан эркаклардан иборат жамоада фаолият юритасиз. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

– Таъкидлаш керакки, гендер тенглик – бу мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикатор ҳамдир. Жорий йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб аталишида ҳам хайрли бир ҳикмат бор, деб ўйлайман. Бу йил мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, манзилли кўмаклашиш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Ҳа, аёл қадр топган, аёли эъзозланган жамият ҳеч қачон завол топмайди. Аёл бахтиёр бўлса, оилада ҳаловат, ишда унум, янги режалар сари қадамлар дадил ва равон бўлади. Унутмаслик керакки, жамиятнинг демократик ўзгаришлар йўлидан нечоғли илгарилаб кетгани, шу жамиятнинг аёлларга муносабати, унинг маданий-маънавий савиясини белгилайди!

Озода Бекмуродова, ЎзА

Барча янгиликлар

Text to speech