13 Сентябр 2022 йил 1092

Аёл ва жамият: МУАММОЛАР ҲАЛ ЭТИЛСА…

Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги Шарқ юлдузи маҳалласида узоқ муддат чет элда бўлиб келган ва пробация рўйхатида турган хотин-қизлар билан давра суҳбати ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, ИИВ ЖХД ҲПХ бошлиғи ўринбосари, полковник Умида Абдуллаева, хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар, тегишли вазирлик ва ташкилотлар мутасаддилари ҳамда тумандаги маҳаллаларнинг хотин-қизлар фаоллари иштирок этишди.
Дастлаб М. Қодирхонова сўз олиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва иштирокини мустаҳкамлаш борасида қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётгани, белгиланган чора-тадбирларнинг амалий натижалари бўй кўрсатаётганини таъкидлаб ўтди. Хусусан, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ташкил этилиб, бу рўйхатга қийналган, кам таъминланган хотин-қизлар киритилиб, уларга кўмак берилаётгани, шунингдек, камбағалликдан чиқариш мақсадида тадбиркорликка йўналтирилаётганини айтиб ўтди.
Давра суҳбати ўзаро савол-жавоб тарзида давом эттирилди. Хотин-қизларга тегишли вазирлик ва ташкилотлар мутасаддилари томонидан тушунтиришлар ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Барно Одиловага ҳам бир нечта хотин-қизлар ўз соғлиқлари бўйича мурожаат қилди. Уларнинг барчасининг муаммоси ҳал этиладиган бўлди.
Пробация рўйхатида турувчи Марғуба Умарова онкологик касаллиги бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилиши кераклиги, аммо маблағи етишмаслигини айтди. Унинг касаллик тарихи ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. М. Умарова дардига малҳам топаётганидан хурсанд бўлиб, чексиз миннатдорлигини билдирди.
Шунингдек, мутасаддилар томонидан уй-жой, таълим, кредит ва субсидия ажратиш ҳамда айрим ҳуқуқий масалалар бўйича саволларга ҳам атрофлича жавоб қайтарилди.
Бу каби давра суҳбатларининг ўтказилишидан кўзланган асосий мақсад хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишда кўмакдош бўлиш орқали давлатга бўлган ишончини янада орттиришдан иборатдир.

© POSTDA – На посту

Барча янгиликлар

Text to speech