20 Феврал 2024 йил 256

Янги лойиҳа: «Зўравонликка йўл йўқ»

Аёл оиланинг бекаси, фарзандлар тарбиячиси. У оилада ўзини хотиржам ва бахтли ҳис қилмас экан, оила қўрғони таназзулга юз тутади. Эркак томонидан муттассил равишда камситишлар ва ҳақоратлар, зўравонликнинг турли кўринишлари аёл ва фарзандларининг ҳаётга бўлган қизиқишларини сўндириб бораверади. Бундай оилаларнинг охир-оқибатда нималар билан якун топишини оғир ҳаётий воқеалар мисолида кўряпмиз ва эшитяпмиз.

Маълумотларга кўра, ўтган йил давомида Тошкент шаҳар аёллар реаблитация ва мослаштириш марказига 560 нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар мурожаат қилган. Шу боис Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хотин-қизлар бўйича инспекторлари ташаббуси билан “ЗЎРАВОНЛИККА ЙЎЛ ЙЎҚ!” лойиҳаси иш бошлади.

Эзгу мақсадларни кўзлаган лойиҳага қатор ташкилотлар ҳамкор бўлиб қўшилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар аёллар реаблитация ва мослаштириш марказида бошланган дастлабки тадбирда пойтахтдаги маҳаллалардан аёллар таклиф этилиб, уларга лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумотлар берилди. Шу куни соғлиқни сақлаш бошқармаси аёллар учун тиббий кўрик ташкил этди.

Турли ташкилотлар ўтказган сайёр қабулда оилада тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар мурожаатлари эшитилиб, айримларига шу жойнинг ўзида ҳимоя ордерлари расмийлаштирилиб, ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди.

Тошкент шаҳар аёллар реаблитация ва мослаштириш маркази раҳбари Дилфуза Султонованинг маълум қилишича, “Зўравонликка йўл йўқ!” лойиҳаси давомида тазйиқ ва зўравонликка учраган оилаларга психологик, тиббий, ҳуқуқий, бизнес маслаҳатлар, зўравонлик содир этган шахсларни тузатиш дастуридан ўтказиш, уларнинг хулқ-атворини ўзгартириш чора-тадбирлари амалга оширилади.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати

© Gazeta «Mahalla», № 11, 2024-yil 17-fevral


Барча янгиликлар

Text to speech