14 Март 2023 йил 759

Хавфли ўргимчак тўри – «Рёдан»: у қандай ҳаракат?

Март ойининг бошидан буён ижтимоий тармоқларнинг миллий сегментида «Рёдан» сўзига бот-бот дуч келяпмиз. Ора-сира «Фарзандларингизни «Рёдан»дан эҳтиёт қилинг» каби чақириқлар ҳам пайдо бўляпти. Аммо кун бўйи ишда, рўзғор ташвишлари билан юрган ота-оналар ҳатто унинг қандай ҳаракат экани ҳақида эшитмаган ҳам. Хўш, «Рёдан» ҳақида нималарни билиш лозим ва у қанчалик хавфли?

«Рёдан» нима ўзи?

«Рёдан» – рассом Ёсихиро Тогасининг худди шу номдаги комикси асосида ишланган машҳур Hunter × Hunter япон аниме сериалидаги «Геней Рёдан» хаёлий жиноий гуруҳнинг қисқартма номи. Hunter × Hunter комикси 90-йиллар охирида чиққан, сериал 2000 йилларда суратга олинган, 2011 йилда эса ремейки пайдо бўлган.

«Геней Рёдан» гуруҳи ёки «Арвоҳ труппаси» 13 аъзодан иборат. Уларнинг ҳар бирининг танасида ўргимчак тасвирланган татуировка ва рақами бор. Шундай қилиб, хаёлий гуруҳнинг муқобил номи пайдо бўлди – «Ўргимчаклар».

Дастлаб «Рёдан» ҳаракати интернетдаги бир нечта виртуал жамоалардан ташкил топган: улар япон анимеси мухлислари бўлиб, ўсмирларни қизиқишлари асосида бирлаштиришдан бошқа мақсадларни кўзламаган эди. Болалар ўзларининг севимли санъатларини муҳокама қилар ва шунга ўхшаш кийимлар (орқасида ўргимчак расми ҳамда 4 рақами бўлган катакли шим ва футболкалар)ни кийишар эди. Бироқ вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлди. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олдилар. Бунинг оқибатида тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошладилар.

Айни пайтда «Рёдан» ҳаракати томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар Россия Федерацияси, Украина, Беларусь ва бошқа бир қатор давлатларда қайд этилган. Жанжаллар томонларнинг турли даражадаги тан жароҳатлари олишига, одамлар мулкига зарар етказилишига, кўплаб маъмурий ва жиноий ишлар қўзғатилишига олиб келган.

Болаларнинг аниме ва санъатнинг бошқа кичик бўлимларига бўлган қизиқишини қоралаб бўлмайди. Лекин бу қизиқиши туфайли у номаълум шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаётганига, виртуал дунёни ҳақиқатдан ажрата олиш қобилиятини йўқотмаганига ишонч ҳосил қилинг.

«Рёдан» қачон авж нуқтасига чиқди?

Россияда бу ҳаракат 2022-23 йил қиш мавсумида жадал ривожлана бошлади. Токи Москвадаги «Авиапарк» савдо марказида субмаданият вакиллари ва бошқа ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган резонансли жанжалгача машҳур эмас эди. Шу даврдан бошлаб жамият бу гуруҳга жиддий қарай бошлади. Бир гуруҳ ёшлар орасида келиб чиққан муштлашув жараёни ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

«Рёдан»нинг энг ёмон жиҳатларидан бири - миллатчи постлар ёзиши ва бошқа ёшларга таҳдидлар уюштиришидир. Гарчи «Рёдан» маъмурияти бу воқеадан кейин барчадан узр сўраган бўлса-да, ёшлар орасидаги низони аллақачон кучайтириб юборган эди.

Айни пайтда хавфсизлик кучлари Россиянинг йирик шаҳарларида ўсмирлар ўртасидаги жанжалларнинг олдини олиш мақсадида рейдлар ўтказа бошлаган. Энг кўп Москва, Санкт-Петербург, Курск, Новосибирск ва Қозонда полиция рейдлари ўтказилган ва ҳаракатнинг фаол аъзолари қўлга олинган. Махсус белгиларга эга бир хил узун сочлар ва ўргимчак тасвири туширилган кийим кийган ёшлар текширилмоқда.

 

Психологлар нима дейди?

Россиялик психолог Василий Шуров «Рёдан» ҳаракати жамият учун хавфли эканини таъкидлар экан, шундай дейди:

– Бугунги кунда ўсмирларда гормонал ўзгаришлар кўп учрамоқда. Уларнинг психикаси беқарор. Машҳур жамоалардан бирортасига аъзо бўлиш истаги кучли. Агар биз онгли равишда уларнинг хатти-ҳаракатларига аралашиб, бу йўлдан қайтармасак, у ўсмирларнинг уюшган катта тўдасига айланиб кетиши мумкин.

Шу билан бирга, мутахассис ўсмирларга нисбатан зудлик билан жиноий иш қўзғатмасликка, аввало, «Рёдан» ҳаракатининг барча тарафдорлари, шунингдек, уларнинг ота-оналари билан махсус суҳбатлар ўтказишга чақирди.

Тошкентдаги вазият қандай?

Интернет нашрларида «Рёдан»га алоқадор 50 га яқин ўсмир ушланди», деган хабарлар ортидан кўпчиликнинг хавотири ортди. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати бошлиғи Нилуфар ИСАХОНОВА билан боғландик.

— Шу йилнинг 5 март куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, Истиқлол кўчасида жойлашган Халқаро форумлар саройи биноси ёнида 50 нафарга яқин ўсмир тўпланган. Улар «Рёдан» субмаданиятига қўшилиш ҳақида турли шиорлар билан чиқишган. Ходимларимизга ушбу ҳаракат  ташкилотчилари мамлакатдан ташқарида жойлашган бузғунчи кучлар экани, уларнинг мақсади миллий, ирқий, этник ва диний адоватни, шунингдек, ғояларига қарши бўлганларга нисбатан тартибсизликлар ва зўравонликни тарғиб қилиш эканлиги ҳақида турли маълумотлар келиб тушган эди. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси фуқароларга ижтимоий тармоқларда бузғунчи шиорлар ва нотаниш кимсалар таъсирига тушиб қолмаслик ҳақида огоҳлантириш билан чиққан эди, – дейди масъул ходим.

Ўсмирларнинг ота-онаси билан суҳбатлар ўтказилди, айрим ўсмир ёшларга психологик ёрдам кўрсатилди.

Қолаверса, ахборот хизмати берган маълумотга кўра, бузғунчи кучларнинг ёшларга таъсиридан ҳаракат иштирокчиларининг қуйидаги чақириқлари далолат берган: «Салом, бугун соат 18:00 да бутун форумни бузамиз. Тишимизгача қуролланамиз. Совуқ ва жанговар қуролларга эгамиз» ва ҳоказолар. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳаракатларини обрўсизлантиришга уринишлар билан аноним фойдаланувчиларнинг видеолари тарқатилган.

Ўсмирларнинг ота-оналари қандай йўл тутишлари керак?

Бу ҳаракатга қўшилган ўсмирларнинг ота-оналари ҳайратда. Мутахассисларнинг фикрича, ёшлар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш учун вақт керак. Бу каби гуруҳлар ҳар доим бўлган, аммо бугунги кунда ижтимоий тармоқларнинг чексиз имконияти орқали бу оқим катта кучга эга бўлиши кишини кўпроқ ташвишга солади. Ёт ғоялар таъсирида юрган ёшларнинг сони ортиб кетмасдан бунга нуқта қўйиш зарур. Ёдингизда бўлса, бир неча йил олдин Украинада ўлим гуруҳлари тарқалганди. Улар орасида «Мовий кит» юзлаб ўсмирларнинг ўлимига, бир умр ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлган эди. Бугунги кунда шу гуруҳ таъсирига тушган ёшлар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Ота-оналарга бу вазиятда фарзандларига кўпроқ эътибор қаратиб, кимлар билан мулоқот қилаётганини, бўш вақтини қандай ўтказаётганини назоратга олишни маслаҳат берамиз!

 

Феруза РАҲИМОВА тайёрлади.

© Gazeta «Ishonch»,

№ 31 (4783), 2023-yil 11-mart

 

Барча янгиликлар

Text to speech