10 Август 2025 йил 0

Уйдаги тазйиққа қарши чора борми?

#OAV_biz_haqimizda #СМИ_о_нас

👉 

Гуласал ЖАЛОЛОВА. Яккасарой тумани:
— Турмуш ўртоғимнинг уйида рўйхатда тураман ва шу ерда яшайман. 3 нафар фарзандим бор. Уйда тез-тез жанжаллар бўлади. Қайнсинглим ва қайнонам менга нисбатан ҳақорат ва тан жароҳатлари етказишади, баъзан уйдан ҳайдашга уринишади. Шу ҳолатда ўзимни қонуний ҳимоя қилишим учун нима қилишим керак? Менга ҳимоя ордери бериладими?

Саховат МЕЛИЕВА, Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори:
— Сиз айтган ҳолатлар, яъни оиладаги жанжаллар, ҳақорат ва жисмоний зўравонликлар, шунингдек, уйда яшаш ҳуқуқининг бузилиши — буларнинг барчаси қонунчиликда “маиший зўравонлик” деб баҳоланади. Бу каби ҳолатларда аёл ўзини қонуний ҳимоя қилиши мумкин ва керак.
Қонунчиликка кўра, сиз каби жабрланувчиларга 30 кунгача амал қиладиган ҳимоя ордери берилиши мумкин. Бу ордер сизни зўравонлик қилган шахс билан вақтинча бир уйда яшашдан озод этади, у сизга яқинлаша олмайди, сизга нисбатан ҳар қандай тазйиқ ёки таҳдид қилишига йўл қўйилмайди. Бунинг учун сиз яшаб турган ҳудудингиздаги ички ишлар бўлимига ёки маҳаллангиздаги профилактика инспекторига ёзма равишда мурожаат қилишингиз кифоя. Мурожаат 24 соат ичида кўриб чиқилади. Зўравонлик ҳолатлари тасдиқланса, сизга ордер расмийлаштирилади.
Шунингдек, сиз рўйхатда турган уйдан сизни ҳеч ким, ҳатто қариндошлар ҳам, суд қарорисиз ҳайдаб чиқара олмайди. Бундай уринишлар бўлса, сиз судга мурожаат қилиб, ўзингизни ва фарзандларингизни ҳимоя қилишни сўрашингиз мумкин. Аёлларга нисбатан зўравонликка қонун олдида мутлақо йўл қўйилмайди. Шундай ҳолатларга бефарқ бўлмаслик ва ўз вақтида мурожаат қилиш — энг тўғри йўлдир. Биз бундай ҳолатларда сизга доимо ёрдам беришга тайёрмиз.

© Газета «Mahalla», №62 (2286), 2025 йил 2 август

Барча янгиликлар

Text to speech