11 Май 2023 йил 544

Синовли ва сийловли йўл

– Баъзан узоқ ўйга толиб, синовли ва сийловли умр соҳибаси эканлигимни ич-ичимдан ҳис этаман, – дейди Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимаси, сафдор Шоҳида Жаримбетова. – Тақдирнинг синови шуки, мен кўнгил қўйган мард ва жасур инсон билан атиги олти ой турмуш кечирдим. Сийловлиси, ана шу қисқа, аммо бахтга лиммо-лим оиламдан, турмуш ўртоғимдан, кўзимнинг оқу қораси, қувончим, умидим – ўғлим Ёдгор бор. У ҳозирда ИИВ Академияси 2-босқич курсанти.

Фарзандимнинг феъл-­атворидаги дадиллик, отасига икки томчи сувдек ўхшаш қош-кўзлари, барвас­та бўй-бастига боқиб, ҳаёт мендан бир Ватан посбонини тортиб олиб, иккинчи мард ўғлон билан бағримни тўлдирганига амин бўламан ва шукр қиламан. Ўғлимнинг беғубор кулгулари, ёқимли ҳазиллари, меҳрибонлиги ва самимиятида отасининг инсоний фазилатларини кўраман.

...2002 йил 4 март, ярим тун. Кира қилаётган ҳайдовчининг машинасига икки йўловчи чиқади. Улар манзилга етиб борганда, хизмат ҳақини бериш ўрнига, ҳайдовчига пичоқ ўқталиб, уни жароҳатлайди ва пул, қимматбаҳо буюмларини олиб, кўздан ғойиб бўлади. Ўзига келган ҳайдовчи яқин орадаги йўл ҳаракати хавфсизлиги масканига бориб, хизмат вазифасини ўтаётган ходимлардан ёрдам сўрайди.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ инспектор-кинологи, катта сержант Қидирбек Нишонов ва воқеадан тўлиқ хабар топган бир гуруҳ ходимлар хизмат ити ёрдамида жиноятчиларни излашга киришишади. Кўп ўтмай жиноятчилар яширинган жой аниқланади. Иложсиз қолган жиноятчилар пичоқ билан осойишталик посбонларига ташланади. Қисқа олишувдан сўнг улар қўлга олинади. Бироқ Қидирбек кўкрак қафасидан олган оғир жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этади.

Кейинчалик қаҳрамонимизнинг укаси Баҳром Нишонов, аёли Шоҳида Жаримбетова шу шарафли йўл давомчиларига айланади. Унинг ўғли Ёдгор Нишонов ҳам бугун ИИВ Академия­сининг тезкор қидирув йўналишида таҳсил олаётган зукко ёшлардан бири. Таълим даргоҳи байроқдор гуруҳи аъзоси.

– Мен учун ўша вақтлар ниҳоятда оғир бўлган, – дейди Шоҳида Жаримбетова. – Аммо ҳар дақиқада қайнонам Аноргул аянинг дарди меникидан кам эмаслигини ҳис этиб турардим. Ўғлим отаси вафот этганидан тўрт ой ўтиб дунёга келган. Ёдгор бизнинг ягона юпанчимизга айланган. Хизматга киришни таклиф қилишганда ҳам, энг биринчи қўллаб-қувватлаган қайнонам бўлган. Қўлимда ёш болам бор, десам, улар ҳамиша ёнингдаман, дея менга кўмаклашган.Турмуш ўртоғимнинг ҳамкасблари ҳам доим ёрдамлашган. Ички ишлар органларида хизмат бошлаганимга ҳам ўн олти йил бўлибди. Шу йиллар ичида турмуш ўртоғим шаъни, унинг хизмат бурчига садоқатини туйганим ҳолда, устимдаги либосга доғ туширмасликка, менга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилиб келяпман. Соҳанинг ўзига яраша машаққати ва шарафини фидойиликда кўраман. Ўғлимга ҳам шу фазилат юқишини жуда хоҳлайман.

Эл-юрт осойишталигини таъминлашдек шарафли хизматига содиқ қолиб, қуролланган жиноятчиларни қўлга олиш вақтида кўрсатган мардлиги ва жасорати учун катта сержант Қидирбек Нишонов вафотидан сўнг Президентимиз фармонига биноан, «Жасорат» медали билан тақдирланган. У таълим олган Тошкент вилояти Бўка туманидаги мактабга фидойи ходимнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида ёдгорлик ўрнатилган.

Қидирбек Нишонов ўзи меҳр қўйган касбга садоқатини исботлаб, бу дунёни тарк этган бўлса-да, унинг жонкуярлиги, жасорати юртимизда отган ҳар тонгни беминнат нурлари билан сийлаб, мунаввар этган саховатли қуёш мисоли қалбимизни ҳароратлантириб тураверади. Ёдгорбекдек зурриёти, давомчиси тимсолида эса ҳаётимизда яхшиликлар, эзгуликлар ҳимоя­чиси бўлиб кўз очаверади.

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
© POSTDA – На посту

Барча янгиликлар

Text to speech