Ободлик бор жойда файз-барака, фаровонлик бўлади. Чилонзор туманида жойлашган «Хонтўпи» маҳалласи ҳам пойтахтимизнинг энг кўркам ва файзли маҳаллаларидан бири. Маҳаллада 516 та ҳовлили хонадон бўлиб, уларда 4600 нафардан ортиқ фуқаро истиқомат қилади.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Аҳмадалиев, ҳоким ёрдамчиси Фурқат Умаров, хотин-қизлар фаоли Мадина Усмонова, маҳалладаги 341-ички ишлар органлари таянч пункти профилактика катта инспектори, майор Ғолиб Хуррамов ва профилактика инспектори, капитан Анвар Отахоновларнинг бирдамлиги ҳамда ҳаммаслаклиги туфайли бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудуд аҳолиси ҳовли жойда истиқомат қилганлиги боис ҳам маҳалладошлар деярли бир-бирини танийди, аҳил ва иноқ яшашади. Бирон бегона киши маҳаллага ораласа, бирданига кўзга тушади.
– Нотинч оилалардаги мавжуд муаммоларни бартараф этган ҳолда, соғлом турмуш тарзига қайтаришни асосий мақсад қилиб олганмиз, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Аҳмадалиев. – Профилактика инспекторлари, фаоллар ва отахону онахонларимиз билан биргаликда аҳоли орасида оила муқаддаслигини тарғиб қилувчи маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ўтказиб келмоқдамиз. Шунингдек, оилавий низолар, қўни-қўшнилар ўртасидаги жанжаллар ҳам жойида ҳал этилмоқда, энг муҳими, ажралишларнинг олди олинмоқда. Хусусан, йил бошидан буён яраштирув комиссиясига келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, 4 та оила яраштирилди. Бундан ташқари, жорий йил бошидан буён бирорта ҳам жиноят содир этилмаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бунда албатта профилактика инспекторларининг ўрни катта. Бунинг учун уларга қулай шарт-шароит яратаётган ва маҳалланинг янада обод бўлишида яқиндан ёрдам бераётган вазирлик раҳбариятига алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Шунингдек, маҳаллада истиқомат қилувчи кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож бўлган оилаларга жорий йил бошидан буён туман ҳокимлиги томонидан 212 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам берилди. Шулардан 9 нафари «Темир дафтар» ва 110 нафари «Аёллар дафтари»га киритилганлар. «Ёшлар дафтари»га киритилган 11 нафар келажагимиз эгаларига ҳам ўз вақтида кўмак кўрсатилгани боис уларнинг барчаси рўйхатдан чиқарилди.
Ҳудудда Ички ишлар вазирлиги ва туман ҳокимиятининг бевосита кўмаги остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари жадал кетмоқда. Хусусан, мавжуд 14 та кўча ободонлаштирилди ва 2 та кўча тўлиқ асфальт қилинди. Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида видеокузатув мосламалари ўрнатилди.
– Охирги пайтларда маҳалламиз янада чирой очмоқда, – дейди кекса отахон Шамсиддин Қутбиддинов. – Мана, ногиронлиги бор, ёлғиз яшайдиган Матлубахон Зуфарованинг уйи таъмирдан чиқарилди. Айрим кўчаларимизда чироқлари йўқ эди. Уларга чироқлар ўрнатилиб, кечалари ҳам кундуздек бўлиши таъминланди. Бундай савобли ишлар давом этмоқда. Барака топишсин мутасаддилар!
Аҳоли бандлиги таъминланиши учун ҳам тегишли ишлар қилинмоқда. Мисол учун, тўқувчилик ва тикувчилик цехида 21 нафар киши доимий иш билан банд.
Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон қадри ва унинг манфаатлари учун. Чилонзор туманидаги «Хонтўпи» маҳалласида ҳам ана шу эзгу мақсад амалда бўй кўрсатмоқда. Асосийси, бу ўзгаришлардан маҳалла аҳли мамнун.
Сарвар СОБИРОВ,
© POSTDA – На посту