11 Июн 2022 йил 764

Ҳамкасбларимиз ҳақида: ХИЗМАТДА НАМУНА, ОИЛАДА ҒАМХЎР

Бобомурод Бабашев Тошкент вилояти Чиноз туманида таваллуд топди. Олий ўқув юртини тамомлаганидан сўнг ҳарбий хизматга чақирилди. Йигитлик бурчини ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Навоий вилоятидаги ҳарбий қисмда ўтади. Айни шу даврда унда ички ишлар органлари соҳасига қизиқиш уйғонди ва пойтахтимиздаги 7531-ҳарбий қисмда шартнома асосида хизматини бошлади.

2006 йилдан 2016 йилга қадар Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси 4-батальонида хизмат қилди. Ҳозир эса Чилонзор тумани “Дилобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 348-сонли ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика катта инспектори лавозимида хизмат қилиб келмоқда.

Капитан Б. Бабашев маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нодир Абдуллаев, фаоллар, ҳамкасби – профилактика инспектори, лейтенант Улуғбек Меҳмонов билан биргаликда ҳудуд осойишталиги ва ободлиги йўлида самарали фаолият олиб бормоқда. Хусусан, бу ерда ташкил этилган тикувчилик цехига маҳалладаги ишсиз, уюшмаган ёшлар жалб этилди. Натижада бир неча йигит-қизлар иш билан таъминланди. Бекор юрган ёшлар камайгани сари маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг камайишига эришилмоқда.

Қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи Фотима билан ўғли Абдурашид, қизлари Гулноза ва Гулшодани тарбиялаб вояга етказмоқда.
– Дадам билан фахрланаман, – дейди Абдурашид. – Хизмат тақозоси юзасидан интизомга ўргангани боис биздан ҳам шуни талаб қиладилар, таълим-тарбиямизга жиддий эътибор қаратадилар. Шу билан бирга, у киши жуда меҳрибон, ғамхўр инсон. Мен ҳам дадамдек бўлишни орзу қилиб, яхши ўқишга ҳаракат қиляпман. Инглиз тили тўгарагига қатнаяпман, спорт билан шуғулланаяпман.

Фарзандлар тарбияси, рўзғор юмушлари ва хизмат фаолияти. Буларни бирдек олиб бориш бироз мушкул бўлса-да, Бобомурод Бабашев барчасига улгуришга ҳаракат қилади. Шундан бўлса керак, хизматда ҳамкасбларига намуна бўлмоқда, оиласида эса тотувлик ва хотиржамлик ҳукмрон.

© POSTDA / На посту

Барча янгиликлар

Text to speech