10 Август 2023 йил 678

Бир тарсакининг кучи

Омонбойнинг отаси Сотимбой оға ўқитувчи эди. Шу боис фарзандини барча оталар қатори, ўқимишли, эл-юрт корига ярайдиган инсон сифатида вояга етказишни ният қилди. Ўғли мактабни тугатганидан кейин Тошкентга олиб келиб, ҳужжатларини Тошкент давлат аграр университетига топширтирди. Лекин Омонбой ўқишга кира олмади. Ота ўғлини Хоразмга олиб кетди. У ерда қишлоқ хўжалигида ишлаб, икки йилдан сўнг яна пойтахтга ўқишга келди.
У иккинчи бор Тошкент давлат аграр университетига ҳужжат топширадию, лекин яна омади чопмайди. Шундан сўнг ўғлининг иши юришмаётганидан ичи ачиган Сотимбой оға уни университетнинг тайёрлов курсига жойлаштириб, ўзи уйига қайтиб кетади.

Омонбой тайёрлов курсида ўқиб юрганида, ижарада бирга турадиган синфдошларидан бири уни «Ўқиб ким бўлардинг, ундан кўра, бошқа иш қилсанг бўлмайдими» дея билим олишдан айнитади. Шу гап сабаб бўлиб, Омонбой ўқишни ташлаб қўяди. Бу ҳолат отасининг қулоғига етиб боради. Фарзандини ўқиб одам бўлади, деб юрган ота пойтахтга етиб келиб, ўғлини койийди ва жаҳл устида беихтиёр унинг юзига тарсаки туширади.

Мана шу бир тарсаки Омонбойнинг ҳаётини тубдан ўзгартиради. Бундан тўғри хулоса чиқариб, олдига жиддий мақсад қўяди: йигитлик бурчини ўташ учун ҳарбий хизматга жўнайди. Армиядан қайтиб келгач, ички ишлар органларида хизмат қилаётган яқин дўстининг тавсияси билан ҳужжатларини Тошкент шаҳар ИИБга топширди. 1978 йилдан эътиборан пойтахт ИИБ 4-алоҳида дивизионида фаолиятини бошлайди. Кейинчалик Тошкент давлат университетининг кечки таълим йўналишида ўқиб, олий маълумотга эга бўлди.

Олмазор тумани ИИБда вояга етмаганлар бўйича хизмат олиб боради. Шунингдек, бир муддат ЖҚБда тезкор вакил ҳамда профилактика инспектори лавозимларида ҳам фаолият юритди. Хусусан, Олмазор туманининг «Қўштут», «Аллон», «Чимбой», «Ачавот» ва «Гузарбоши» маҳаллаларида хизмат қилиб, 2007 йилда пенсияга кузатилди.

Истеъфодаги майор О.Сотимов пенсияга чиқса-да, ҳаракатдан тўхтагани йўқ. У қўриқлаш йўналишидаги хусусий фирмада фаолиятини давом эттирмоқда. Айни пайтда Олмазор тумани ИИОФМБ фахрийлар кенгаши раиси сифатида соҳада хизмат қилаётган ходимлар, ёшлар ва ҳамкасбларига ёрдам қўлини чўзиб, ўзининг панд-насиҳатлари ва ўгитларини бериб келмоқда. Уч авлод учрашувлари, маъанавий-маърифий тадбирларда фаол қатнашиб, фахрийлар ҳолидан хабар олишда жонбозлик кўрсатмоқда.

Унинг беш нафар фарзанди ва 14 нафар набираси бор. Фарзандларидан Санжар Сотимов ота изидан кетиб, ҳозирда Чилонзор тумани «Меҳржон» маҳалласидаги 319-сонли ИИО таянч пунктида профилактика катта инспектори, унвони майор.

Сотимбой отанинг орзуси амалга ошди. Ўғли шарафли касб эгаси бўлиб етишди. Эл-юрт-тинчлиги йўлида хизмат қилди. Омонбой ака ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб, шу даражага етишида падари бузрукворининг алоҳида ўрни бор эканлигини бот-бот такрорлашдан чарчамайди. Гарчи ота ҳозир ҳаёт бўлмаса-да, ёрқин хотиралар фарзанд қалбига таскин беради.

Сарвар СОБИРОВ,
© POSTDA – На посту

Барча янгиликлар

Text to speech