23 Май 2025 йил 698

Жасорат вақт ва жой танламайди

Ўша куни Самат ўз ҳамкасблари билан Юнусобод туманидаги деҳқон бозорда ўз хизмат бурчини бажараётганди. Кеч тушиб, бозор сийраклаша бошлаган. Унинг шериги Иззатбек Ибрагимов ўзини шубҳали тутган фуқарони тўхтатиб текширмоқчи бўлганида, ушбу фуқаро Иззатбекнинг ҳаётига суиқасд қилиб бўйин қисмига пичоқ билан жароҳат етказиб воқеа жойидан қочиб кетади. Атрофда бўлган фуқаролар бақир-чақир қилиб қолишди. Самат ҳамкасблари: сафдор Сардор Абзалов ва профилактика инспектори, лейтенант Ўктам Нормаматовлар зудлик билан ўша томонга шошилишди. Шошилганидан оёғи лат еганини кейин – жиноятчини зарарсизлантиргандан сўнг анча вақт ўтиб сезди. Иззатбекка биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриб, жиноятчини ушлашга ошиқишди. Воқеа гувоҳи бўлган фуқаролар жиноятчининг қўлида пичоқ борлигини, автобусга ўтирганини маълум қилишди. Автобус силжимасдан ходимлар йўловчиларни автобусни тарк этишларини сўраб мурожаат этдилар. Жиноятчига эса таслим бўлишни буюришди. Эшик олдига яқинлашганда қўлига уриб пичоғини туширишга эришилгач, қуролсиз қолган зўравонни қўлга олиш қийин кечмади. Катта сержант Самат Каржанбаев Республика Қуролли кучларида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, 2010 йилда пойтахт ИИББ 1-батальони 1-отрядида сафдор бўлиб хизмат фаолиятини бошлади. Хизмат давомида ўз билимлари ва малакасини ошириш кераклигини англаган Самат Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларига ўқишга кириб, хизмати ҳақида янаям кўпроқ билимларга, кўникмаларга эга бўлди. Кичик сержант Самат Каржанбаев ИИББ 1-баталонида хизматни давом эттираркан, курсларда олган билимларини самарали қўллаш орқали ижобий кўрсаткичларга эришиб, гуруҳ командири лавозимигача кўтарилди. 2014 йили пойтахт ИИББ миқёсида ўтказилган танловда “Энг яхши гуруҳ командири” номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Пойтахтимизда ўтказиладиган оммавий, байрам тадбирлари, халқ сайилларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ўтказиладиган тезкор профилактик тадбирларда фаол иштироки қаторида, уларнинг тинч ва осойишта ўтишини таъминлашда унинг ҳам ҳиссаси борлигини таъкидлаш жоиздир. Куни кечаги воқеада жиноятчини қўлга олишда кўрсатган дадил ва кескин ҳаракатлари Ички ишлар вазирлиги, пойтахт ИИББ раҳбариятининг эътиборидан четда қолмади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан катта сержант Самат Каржанбаев “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Мукофот ИИББда тантанали равишда ўз эгасига топширилди. Самат бу мукофот Биргина унга эмас, балки ҳамкасблари, қолаверса бутун бир жамоага берилган мукофот деб ҳисоблайди. Юнусобод тумани ИИО ФМБ ППХ отряди гуруҳ командири лавозимида хизмат бурчини ҳалол, виждонан бажариб келаётган катта сержант Самат Каржанбаев асли оддий ишчи оиласидан. Хизматнинг масъулияти, машаққатига қарамай, турмуш ўртоғи – уй бекаси Тўлғаной билан биргаликда уч нафар фарзандларини эл-юрт корига ярайдиган, ҳалол ва виждонли кишилар қилиб тарбиялашга, уларнинг ўқишдаги муваффақиятлари билан қизиқишга вақт топа олади. Йиллар ўтиб, фарзандларидан бири ота изидан бориб, юрт осойишталиги, тинчлик-хотиржамлигини таъминлаш, Ватан, халқ манфаатлари ҳимоясида бўлишга қарор қилса, демак, ота фарзандларига ибрат ва намуна бўлолганидан дарак беради.

Барча янгиликлар

Text to speech