16 Сентябр 2025 йил 519

Жамоатчилик кенгаши вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида

Пойтахт ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Жамоатчилик кенгаши аъзолари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбирда Марказ фаолияти, тарбияланувчилар учун яратилган шароит ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумотлар берилди. Марказ бир вақтнинг ўзида 110 нафар вояга етмаганларни қабул қилиш имконига эга. Мазкур даргоҳга 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган: қаровсиз, адашган, бедарак йўқолган, ижтимоий ва бошқа хавф остида қолган, яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетиб назоратсиз юрган, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож, давлат таълим-тарбия муассасаларига, меҳрибонлик уйларига ва бошқа давлат таълим даргоҳларига жойлаштирилиши лозим бўлган, шунингдек, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатлар тоифасига кирувчи вояга етмаган ўғил-қизлар жойлаштирилади. Улар мазкур даргоҳда 30 кун, айрим ҳолларда 45 кун бўлади. Бу муддат ичида тўрт маҳал иссиқ овқат, ёши, жинсига қараб шахсий гигиена воситалари, кийим-бош ҳамда тегишли ўқув қуроллари билан тўлиқ таъминланади. Шунингдек, вояга етмаганларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоялаш, ижтимоий жиҳатдан хавф солган муҳитдан чиқариш, ижтимоий-ҳуқуқий, тиббий-педагогик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шахси аниқланмаганларнинг шахсини аниқлаш, педагогик- психологик, маиший ва тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиб, тарбиявий, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш, касб-ҳунарга йўналтириш ишлари амалга оширилади. Шу билан бирга илгариги ҳаёт тарзи, ижтимоий аҳволи, Марказга келиб тушиш сабаблари, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойиллик даражаси ёки боланинг ўзи ҳуқуқбузарлик ва жиноят жабрланувчиси бўлган-бўлмаганлиги ҳамда бунга сабаб бўлган ҳолатлар ўрганилади. Марказга жойлаштирилган ҳар бир вояга етмаганлар ҳақида 24 соат ичида туман прокуратураси ва болалар масалалари бўйича миллий комиссияга маълумот тақдим этилиб, ҳар бир қабул қилинган болаларга шахсий йиғмажилдлар юритилади. Бу йиғмажилдлар болаларнинг кейинги тарбияси ҳамда вояга етиш жараёнида улар билан шуғулланиш, касбга, ҳаётга тўғри йўналтиришда муҳим роль ўйнайди.

Марказда болаларнинг соғлом, руҳий ва жисмонан бақувват бўлиши учун турли муолажа, дам олиш ва билим олишлари учун махсус тўгараклар фаолият олиб боради. Марказда қум терапия, караоке, кутубхона, Арт терапия, спорт, дурадгорлик, тикувчилик, шахмат-шашка, IT ва компьютер саводхонлиги каби хоналар мавжуд. Шунингдек, “Миллийликка асосланган бурчак (чойхона)”, “Ҳайвонот бурчаги”, “Ёзги сув ҳавзаси”, “Ёзги кинотеатр”, “Болалар ўйин майдончаси” “Болалар спорт майдончаси (воркаут)”, волейбол, баскетбол, футбол майдонлари жойлашган. Хулоса қилиб айтганда, Марказда тақдир тақозоси билан ушбу даргоҳга келтирилган болалар ўз тенгдошларидан кам бўлмаган шароит ва муносабатларда, бахтли болалик туйғусини йўқотмаган ҳолда камолга топиши учун барча имкониятлар ишга солинган.

Жамоатчили кенгаши аъзолари томонидан марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, тарбияланувчи болаларни кейинги тақдирини кузатишда юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш чораларини кўриш масаласида таклифлар ишлаб чиқиш лозимлиги белгиланди.

Барча янгиликлар

Text to speech