25 Март 2026 йил 152

Эзгулик ва меҳр-мурувват айёми: пойтахт Ички ишлар бош бошқармасида Наврўз байрами нишонланди

Шу кунларда Ватанимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида халқимизнинг севимли байрами – Наврўз айёмига бағишланган тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Анъанага кўра байрам тантаналари Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ҳам кенг нишонланди. Тадбирни Бош бошқарма бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев Ички ишлар вазирининг Наврўз байрами муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттириш билан очиб берди. Хусусан, Вазиримизнинг буйруқлари билан сидқидилдан ва фидойи хизматлари учун ўттиздан ортиқ, пойтахт ИИББ бошлиғи томонидан бир юз элликдан зиёд ходимлар турли мукофотлар билан рағбатлантирилганини мамнуният билан қайд этиб ўтди. Маърузаси сўнггида Р.Султанходжаев барча ходимларга эзгу тилаклар билдириб, келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилади. Пойтахт ИИББ шахсий таркибининг айниқса аёл-ходималарнинг ушбу байрам тадбирига катта тайёргарлик кўришганини уларнинг миллий либосларда, миллий таомлар: кўк сомса, кўк чучвара, турли баҳорий ширинликлар билан безатилган байрам дастурхонининг мўл-кўллигидан билиш қийинмас. Байрам доирасида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида турли спорт мусобақалари, қизиқарли миллий ўйинлар намойиш этилди. Тантанада ташкиллаштирилган беллашув ва мусобақаларда ғолиб бўлганлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Тантаналар давомидаги хонанда ва созандаларнинг шўх куй-қўшиқлари, гўзал рақслари шодиёнага янада тантанаворлик бағишлади. Бу каби байрамлар ходимларни бирлаштириб, кўтаринки кайфият бағишлаб, келгуси хизматларига руҳлантиришга хизмат қилади.

Барча янгиликлар

Text to speech