10 Сентябр 2025 йил 362

Эзгулик ҳамиша қўллаб-қувватланади

Хато қилмоқ инсонга хос. Бироқ қилмишига чин пушаймонлик, бу хатони тузатиш, ҳалол меҳнат, эзгу амаллар қилишга интилган одамга имкониятлар эшиги ҳамиша очиқ. Жамият яхшиликка босилган ҳар бир қадамни қўллаб-қувватлайди, ёрдам қўлини чўзади, чин кўнгилдан пушаймон бўлганларни кечиради. Бунга Юртбошимизнинг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида”ги Фармони яққол мисол. Тошкент шаҳар ИИББ Пробация бошқармаси ходимлари авф этилган барча маҳкумлар билан жойларда профилактик суҳбатлар ўтказиш, тиббий текширувларни ташкиллаштириш, иш билан таъминлаш орқали уларни ижтимоий ҳаётга мослашуви, саломатлигини тиклаш, моддий аҳволини яхшилаш каби ҳар бир инсон учун зарур бўлган жараёнларнинг амалга оширилишини назорат қилиб келмоқда. Хусусан, Миробод тумани ИИО ФМБ Пробация ходимлари томонидан Фармон бўйича авф этилган 1977 йилда туғилган Э.Олег билан профилактик суҳбат ўтказилиб, тиббий кўрик вақтида аниқланган касалликларни даволаш бўйича тегишли чоралар белгиланди. “Иноқобод” маҳалла профилактика инспектори, маҳалла раиси, “еттилиги”нинг бошқа аъзолари иштирокида кенгашилиб мураббий тайинланди. Шунингдек, паспорт расмийлаштиришда, ишга жойлашишига ёрдам кўрсатилиб, бир марталик моддий ёрдам пули олиш учун йўлланма ажратилди. Бектемир тумани ИИО ФМБ Пробация бўлими ходимлари авф этилган 1996 йилда туғилган Ж.Анорбекнинг яшаш шароити ва турмуш тарзини ўрганиб, якка тартибда суҳбатлашилди. Тиббий кўрикдан ўтказилган Анорбекка “Ийк-ота” маҳалла фуқаролар йиғини “еттилиги” тавсиясига кўра мураббий бириктирилиб, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази орқали ишга йўлланма берилди. Чилонзор тумани “Нафосат” маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган Б.Сирожиддин, “Чўпон-ота” маҳалла фуқароси, 1988 йилда туғилган Б.Оразгули, “Хирмонтепа” маҳалласида яшовчи, 2004 йилда туғилган Б.Артемлар ҳам Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг Фармонига кўра авф этилганлардан.

Чилонзор тумани ИИО ФМБ Пробация ходимлари мазкур маҳкумларнинг яшаш хонадонларида бўлишиб, уларнинг яшаш шарт-шароитларини ўрганишди. Оила аъзолари билан суҳбатлашилди. Юқоридаги ҳар бир маҳкумнинг муаммолари профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, фаоллари, “еттилиги” иштирокида муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, ижтимоий ҳаётга мослашувида кўмак бериш чоралари белгиланди. Маҳаллалар масъуллари ҳамкорликда кенгашиб уларга мураббийлар бириктирилди. Мазкур шахслар соҳавий хизматлар томонидан тегишли тартибда рўйхатга олинди. Шунингдек, ҳар бир маҳкумга туман ҳокимлигининг “Инсон ва жамият” марказига ҳужжатлар расмийлаштирилиб, бир марталик моддий ёрдам пули олиш учун ижтимоийлашув базасига юкланди. Авф этилган маҳкумларга кўрсатилаётган инсонийлик намуналари уларни жамият ҳаётидан ажратмаслик, тўлақонли, фаол аъзоларига айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Барча янгиликлар

Text to speech