Бошқаларга фириб бериб, пулларини ўзлаштиришни режалаштираётган шахслар нималар ўйлаб топмайди, дейсиз. Ҳа, топқирликда уларнинг олдига тушадигани йўқ. Йўқса, бу ғаразли йўлда мусиқа асбобларидан ҳам фойдаланса бўлиши кимнинг хаёлига келибди, дейсиз. Одатда уй-жой, автомашина, уяли телефонлар, пластик карталар, ишга-ўқишга киритиб қўйиш, борингки, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кабилар фирибгарларнинг асосий “қуроли” эди. Санжар эса қаллоблик йўлида бошқа йўлдан боришни, ўзига хос услубдан фойдаланишни лозим топди. У таниш-билишлари орқали Чилонзор туманида жойлашган мусиқа асбоблари сотишга ихтисослашган дўконга ишга кирди. Иши жуда зерикарли эди. Чунки, сотувда бўлган бирон мусиқа асбобини на чалишни, на созлашни билмайдиган, ҳар ким ҳам киравермайдиган дўконда пашша қўриб ўтириш куч-ғайрати жўш уриб турган йигитга биринчидан ярашмас, иккинчидан қизиқиш уйғотмасди. Кунларнинг бирида, тўғрироғи 2023 йилнинг 21 апрелида дўконга мусиқа тўгарагида дарс берувчи М.Аида кириб келди. У чиройли тартибда териб қўйилган чолғу асбобларини катта қизиқиш ва диққат билан кўздан кечира бошлади. Айримларини ҳатто чертиб, садосига берилиб қулоқ тутди. Унинг билағонлик билан қилаётган ҳаракатларини кузатиб турган Санжарнинг энсаси қотди. Аёлнинг асбоблар бўйича бераётган жўн саволларига бу ҳақда тасаввурга эга бўлмаган Санжар мужмал жавоблар қайтарар, унинг тезроқ кетишини истарди. Аммо аёл сумкасидан қоғоз чиқарди-да, қўлидаги қоғозга қараб, фалон-фалон мусиқа асбобларини сотиб олмоқчи эканлигини билдирди. Аёл танлаган асбоблар ҳисоб-китоб қилинганида 6.130.000 сўмни ташкил этди. Харидор пулни пластик картаси орқали амалга оширишини айтганида, Санжар ўйлаб ўтирмай ўз пластик картаси маълумотларини киритиб, пулни ўтказиб олди ва аёлга харидини эртаси куни махсус автомашинада бешикаст, безиён манзилга жўнатишига ишонтирди. Санжар аёл билан суҳбатлашиб билдики, қўшни давлатларда айрим мусиқа асбоблари харидоргир, баҳоси ҳам қимматроқ. Бу гапни ўз фойдаси йўлида ишлатмоқчи бўлган Санжар дўкон эгаси Музаффарни қўшни республикалардаги “мусиқа асбоблари бозорини” ўрганиб, сотиб даромад қилишга ишонтириб, ундан 20.000.000 сўмни олиб, ғойиб бўлди.
– Аслида Санжарни қўшни республикаларда мусиқа асбобларини сотиш билан боғлиқ ишлар қизиқтирмаган, бирон ёққа бориш хаёлига ҳам келмаганди. Кўп ўтмай М.Аида дўконга, сотувчи Санжарни қидириб келганида унинг қилмишлари фош этилди , – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Темурбек Терикулов. – Музаффар бўлиб ўтган воқеадан хабар топгач, шу заҳотиёқ жабрланувчи М.Аида билан биргаликда ички ишлар идораларига мурожаат қилишди.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1988 йилда туғилган М.Санжарнинг қилмишларини қонунан баҳолаб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг етказилган зарарни қоплаганлиги, пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлигини инобатга олиб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.