20 Iyun 2022 Yil 227

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди

Президент ўз маърузасида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини баён қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев:

“Хабарингиз бор, биз халқимиз билан маслаҳат қилиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг қамровли ислоҳотларни бошладик.

Энг муҳими, ўтган 6 йил мобайнида бутун жамиятимиз қайта уйғонди, одамларимиз янгича фикрлаш, ишлаш ва яшашга интилмоқда.

Бугун мана шу демократик янгиланиш жараёнларига янгича руҳ ва шиддат бериш, ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш зарурлигини барчамиз яхши англаб турибмиз.

Сўнгги йилларда фуқароларимиз томонидан амалдаги Конституцияни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда.

Хусусан, ўтган йили Президент сайловолди учрашувларида сайловчилар томонидан Асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш масаласи кўтарилган эди.

Сайловчиларимизнинг шу борадаги хоҳиш ва истакларини амалга ошириш учун Олий Мажлис палаталари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолият бошлади. Қисқа даврда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1904 

 

Президент Шавкат Мирзиёев:

“Барча фуқароларимиз каби мен ҳам бу муҳим жараёнларни диққат билан кузатиб боряпман. Аҳолимиз, жамоатчилигимиз вакилларининг конституциявий ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашаётгани барчамизни қувонтиради.

Албатта, конституциявий ислоҳотларимиз Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир.

Шу боис, бугун сиз, ҳурматли комиссия аъзолари билан бевосита учрашиб, фикр алмашишни зарур, деб ҳисобладим.

Биз Конституцияни такомиллаштириш бўйича янги ва жуда масъулиятли босқичга қадам қўймоқдамиз.

Бугунги кун ҳолатига кўра, Комиссияга фуқароларимиздан 48 минг 492 та таклиф келиб тушгани ҳам конституциявий ислоҳотлар объектив ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига чиқаётганини яққол намоён этмоқда.

Конституциявий комиссия томонидан тайёрланган таклифлар чуқур муҳокамадан ўтказилди ва ҳозирда Қонунчилик палатасига киритиш босқичида. Энди қонун, регламент асосида муҳокамалардан ўтказилади".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1905 

 

Президент Шавкат Мирзиёев:

“Нима учун айнан бугун конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати туғилмоқда?

Айрим юртдошларимиз, ҳатто баъзи олимларимиз ҳам Конституциямиз замонавий демократик талабларга жавоб беради-ку, унга ўзгартириш киритишга эҳтиёж борми, деган саволни ўртага қўймоқда.

Тўғри, Конституциямиз хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Мен амалдаги Асосий қонунимизни қабул қилишда иштирок этган комиссия аъзоси сифатида олдин ҳам айтганман: Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда.

Буни ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз. Шу билан бирга, бугун шиддатли тараққиётнинг ўзи олдимизга қўяётган муҳим бир талабни чуқур тушуниб олишимиз зарур.

Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1906 

Президент Шавкат Мирзиёев:

“Албатта, ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий қиёфаси тубдан ўзгарди.

Олти йил олдинги халқимиз билан бугунги юртдошларимизнинг дунёқараши ўртасида катта фарқ бор.

Инсоният илмий-технологик даврга қадам қўйди. Жаҳонда кескин трансформация жараёнлари ва рақобат кучаймоқда.

Эртанги кунини ўйлаган халқлар ва давлатлар ўз келажаги ҳақида бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий бош қотирмоқда.

Бу ўринда табиий саволлар туғилади. Мана шундай ҳал қилувчи паллада ва келажакда давлатимизда, жамиятимизда инсоннинг ўрни ва қадри қандай?

Қандай сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллар, қадрият ва манфаатлар биз учун устувор аҳамиятга эга бўлади?

Энг муҳими, конституциявий ислоҳотлар оддий аҳолига, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига нима беради?”

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1907 

Президентимиз мавзуни давом эттирди:

“Бу саволларнинг барчасига жавобни пухта ишланган ҳуқуқий нормалар орқали Конституциямизда акс эттириш – давр тақозосидир.

Маълумки, Асосий қонунимизнинг 12-моддасида ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги қайд этилган.

Бу – ўта муҳим ва жуда тўғри белгиланган конституциявий қоидадир.

Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин.

Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим.

“Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур.

Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1908 

 

Президент комиссия аъзолари эътиборини қуйидаги устувор йўналишларга қаратди.

“Биринчи йўналиш – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи.

Амалга оширилаётган барча ислоҳотларимиз марказида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам.

Дарҳақиқат, инсон муносиб шароитда таълим-тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина, жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланади.

Шунинг учун ҳам, бугунги кунда жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, ушбу тушунчалар билан боғлиқ рейтинг ва стандартларга биринчи даражали аҳамият берилмоқда.

Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим.

Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати, ҳамма нарсадан устундир!

Шу боис, инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1909 

 

Президент Шавкат Мирзиёев:

“Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, инсоннинг қадр-қиммати аввало унинг табиий яшаш ҳуқуқида намоён бўлади.

Бу – энг улуғ ва муқаддас қадриятларимиздан биридир.

Маълумки, биз ўлим жазоси тайинланадиган жиноятлар сонини босқичма-босқич камайтириб, бу жазони тўлиқ бекор қилдик.

Шунга қарамай, айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сурилмоқда.

Ваҳоланки, демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган дунёдаги аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган.

Чунки яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган.

Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан.

Шу тариқа, биз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканимизни бутун дунёга яққол намоён қиламиз".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1910 

Таҳлиллар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганда, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмаётганини кўрсатмоқда.

"Натижада, гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолади.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”ни қўллаш лозим.

Яъни, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт.

Ана шу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келди, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш зарур. Яъни, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас.

Агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш кераклиги ҳақидаги нормани ҳам Конституцияда акс эттиришимиз зарур".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1911 

Президент Шавкат Мирзиёев:

“Эсингизда бўлса, Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маросимда яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага алоҳида тўхталган эдим.

Нима сабабдан бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши керак?

Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши лозим? Бундай адолатсиз “тизим”дан энди бутунлай воз кечамиз.

Чунки халқимизга нисбатан собиқ тузум даврида, айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларидаги сиёсий қатағонларнинг ўзи етарли эмасми?!

Шу боис, Конституциямизга “Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас”, деб қатъий ёзиб қўйишимиз керак.

“Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт”, деган норма ҳам Асосий қонунимизда ўз аксини топиши зарур".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1912

“Кўпчилигимиз яхши биламиз, қадимги Рим ҳуқуқида олтин қоидалар бор. Масалан, “ҳеч кимга бажариб бўлмайдиган мажбуриятни юклама” ёки “қонун – имконсиз нарсани талаб қилмайди”, каби қоидалар шулар жумласидандир.

Афсуски, миллий қонунчилигимизда бажариб бўлмайдиган ёки бажариш қийин бўлган нормалар ҳам учраб туради. Аслида, қонунлар инсонга ҳеч қачон ортиқча талаб қўймаслиги керак.

Ортиқча талаб, аввало, ортиқча харажат дегани. Қолаверса, бу коррупцияга йўл очади.

Мана, бир мисол, фуқаронинг ипотека кредитидан 3 миллион сўмлик уч ойлик қарзи бор.

Амалдаги қонунчилигимизга кўра, банк қарздорни судга беради. Лекин, бу масалада даъво аризаси 3 миллион сўм, яъни реал қарз бўйича эмас, балки кредитнинг тўланмаган қисмига, дейлик, 250 миллион сўмга нисбатан берилади.

Суд аризани кўриб чиқиб, қарздордан 10 миллион сўмдан ортиқ давлат божини ундириш ва шартномани бекор қилиш бўйича қарор қабул қилади. Ўзингиз ўйланг, 3 миллион сўмни тўлай олмаган фуқаро 10 миллион давлат божини қандай тўлайди?"

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1913 

“Бундай мантиқсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун янги бир нормани Конституцияга киритиш таклифини билдираман.

Яъни, маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши керак.

Биласизларми, мени кўп йиллардан буён қийнаб келган яна бир масала бор эди, у ҳам бўлса “прописка”, деган муаммо.

Одамларимизни, уларнинг ҳуқуқларини камситадиган бундай ҳолатни бартараф этиш учун биз йўллардаги назорат постларини, “прописка”, деган нарсани йўқ қилдик.

Келгусида бундай тўсиқларни тизимли ҳал этиш учун ҳар бир Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши шарт. Ҳар бир фуқарога мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозим.

Шунингдек, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари айнан Конституция даражасида мустаҳкамланиши керак".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1914 

Президент Шавкат Мирзиёев:

“Иккинчи йўналиш – Асосий қонунимизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлашни таклиф этаман.

Чунки “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ.

Ижтимоий давлат – ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир.

Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади.

У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратишни талаб қилади.

Шу билан бирга, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1915 

“Шулар қаторида яшаш учун зарур ресурслар – ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, транспорт ва бошқа қулайликлар билан таъминланиш, мажбурий меҳнатга тақиқ қўйиш ҳам ижтимоий давлатда муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди.

Ижтимоий давлатда инсон қадри деганда, аввало, фуқарони яшаш учун зарур уй-жой билан таъминлашни тушунамиз.

Бизнинг халқимиз учун уй-жой – бу Ватан ичра кичик ватандир.

Инсоннинг дунёга келиши, шахс сифатида камол топиши, фарзандларни вояга етказиш, миллий урф-одат ва тарихий анъаналарни давом эттириш, тўйлар қилиш айнан уй-жойда амалга оширилади.

Фарзанд туғилса, яхши ниятлар билан одамларимиз ҳовлисига кўчатлар экиб, шу уй, шу боғ кўп йиллар авлодларимга хизмат қилсин, деб эзгу ниятлар қилади.

Шу боис уй-жойли бўлиш, унинг дахлсизлигини таъминлаш ҳар бир инсон ҳаётида қанчалик муҳим эканини барчамиз яхши биламиз".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1916 

Президент мавзуни давом эттирди:

“Конституциямизда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш зарур.

Халқимиз орасида “снос” деган ном билан машҳур бўлган муаммо бор.

Бундай ҳолатга бутунлай барҳам бериш учун уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш лозим.

Яъни, суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак.

Иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шарт.

Уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши Конституцияда қатъий белгиланиши даркор”.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1917 

“Тараққиётнинг кўп асрлик тажрибаси шуни кўрсатадики, хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлатни қуриб бўлмайди.

Шу боис, Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтиришимиз лозим. Токи, катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳамда Президент ҳимоясида эканини амалда ҳис қилсин.

Ривожланган давлатлардаги каби, шундай тартиб ўрнатилиши лозимки, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз, мулкидан маҳрум этилмасин.

Шу билан бирга, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини ҳам Конституциявий қоида сифатида белгилашнинг вақти-соати келди, деб ўйлайман.

Иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлашимиз зарур".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1918 

“Шу мақсадда, Конституциямизда мамлакатимизда товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланишини, давлат ички ва халқаро савдо ривожланиши учун барча шароитлар яратишини мустаҳкамлашимиз шарт.

Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини Конституцияда мустаҳкамлашни таклиф этаман.

Давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши лозим.

Шу билан бирга, Асосий қонунимизда ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги аниқ белгиланиши лозим, деб ҳисоблайман.

Қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлат тасарруфида бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида берилади, деган мазмундаги норма ҳам Конституциямизда акс этиши албатта ўринли бўлар эди”.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1919 

“Ҳар қандай инсон учун муҳим ва муқаддас қадрият – бу унинг оиласидир. Соғлом ва мустаҳкам оила – давлат таянчи ва жамиятнинг асосий бўғинидир.

Каттага ҳурмат, кичикка иззат, одамийлик, меҳр-оқибат, она Ватанга муҳаббат ва садоқат каби олижаноб фазилатлар аввало оилада қарор топади.

Бугунги глобаллашув замонида оила институтини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш зарурати тобора кучаймоқда.

Бош қомусимизда оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш мақсадида “оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши”, жамиятнинг табиий ва таянч бўғини, жамият ва давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканини мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этаман.

Шунинг учун давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яратиши, кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёз ва ижтимоий кафолатлар яратиб бериши лозим.

Шунда оиланинг иқтисодий ва маънавий асослари янада мустаҳкам бўлади”. 

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1920 

Президент мавзуни давом эттирди:

“Бош қомусимизда боланинг манфаатлари, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида ўз аксини топиши зарур.

Шу билан бирга, давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаб қўйишимиз керак.

Асосий қонунимизга қуйидаги қоидани киритишни таклиф этаман:

“Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида маънавий ва ахлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароитларни яратади”.

Шунингдек, Конституциямизга “Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир”, деган қоидани киритиш ёш авлод тақдири учун масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1921 

“Бугунги кунда юртимизда 1 миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларимиз ҳаёт кечирмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга тенг шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда.

Энди, ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойил негизида уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаб қўйиш инсоний бурчимиздир. Жумладан:

“Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланади.

Давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур шароитларни ва тенг имкониятларни яратади.

Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади”, деган қоидаларни киритишни таклиф қиламан", деди Президент.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1922 

“Инсоннинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига, ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш – конституциявий ислоҳотларнинг муҳим мақсадидир.

Мазкур ишлар мунтазам, тизимли амалга оширилиши, ортга қайтмайдиган жараёнга айланиши учун мустаҳкам конституциявий кафолат лозим.

Бундан ташқари, Асосий қонунимизда ҳар бир шахснинг қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлишини белгилашни таклиф этаман.

Бош қомусимизда ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилиши шарт.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик ҳам ўз аксини топиши зарур”.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1923 

“Чет элда билим олаётган, меҳнат қилиб даромад топаётган юртдошларимизни, уларнинг мамлакатимизда яшаётган оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқдик.

Бундай фаолият ҳеч қачон тўхтаб қолмаслиги учун Конституциямизга давлат чет элда яшаётган ва ишлаётган фуқароларимиз ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида ғамхўрлик қилади, деган қоидани киритиш даркор.

Биз учун инсон саломатлиги – миллат ҳаётининг давомийлигини таъминлаш, унинг генофондини сақлаш, барқарор миллий стратегиямизнинг муҳим таркибий қисмидир.

Бу мақсадларга эришиш учун, менимча, Конституциямизда белгиланган “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деган умумий норма етарли эмас.

Бу моддани кенгайтириб, тўғридан-тўғри қўлланадиган нормалар билан бойитиш шарт, деб ҳисоблайман”.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1924

“Табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани экологик хавфсизликни ғоят долзарб масалага айлантирди.

Шу боис, Конституциямизда ушбу йўналишга доир экологик-ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топиши лозим.

Ҳеч шубҳасиз, бундай конституциявий ўзгаришлар жамиятимизда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, айниқса, мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни янада кучайтириш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, давлатнинг эркаклар ва аёллар, оилалар ва болалар, ёшлар ва нуронийлар, ногиронлиги бор шахслар, мамлакатда ёки унинг ташқарисида бўлишидан қатъи назар, барча инсонлар ҳақида қайғуриши Конституцияда мустаҳкамланиши зарур", деди Президент.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1925 

“Биз таълим, илм-фан ва инсон капиталини ривожлантиришга устувор эътибор бериб келмоқдамиз.

Чунки, бугунги шиддатли рақобат замонида фақат билимли, маърифатли миллат ва давлат муносиб тараққиётга эриша олади.

Улуғ аждодларимизнинг янги баркамол авлодини тарбиялаб вояга етказмоқчи эканмиз, бунинг учун боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини устувор тараққий эттиришни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйишимиз шарт.

Бош қомусимизда давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериши билан боғлиқ нормалар ҳам бўлиши лозим.

Устозга бўлган юксак эҳтиром Конституциямизда ўз ифодасини топиши зарур.

Шунингдек, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаcлигини Конституция даражасида белгилаб қўйсак, ўйлайманки, адолатдан бўлади".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1926 

 

“Учинчи йўналиш – эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлиқ масаладир.

Бизнинг халқимиз учун жамият, аввало, маҳалладан бошланади. Маҳалла – асрлар давомида миллий урф-одатларимиз ва бой маънавиятимизни безавол сақлаб, халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани бўлиб келмоқда.

Хабарингиз бор, фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги мавқеи ва таъсирини кучайтиришга кўмаклашиш мақсадида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигини ташкил этдик. Лекин гоҳида бу – маҳаллаларни бошқарадиган идора, деган нотўғри гап-сўзларни ҳам эшитиб қоляпмиз.

Бундай қарашларга йўл қўймаслик мақсадида, маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини Асосий қонунимизда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этаман.

Бунда маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш бўйича ваколатлари алоҳида белгиланиши зарур”. 

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1927 

 

"Тўртинчи йўналиш – Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш масаласидир.

Ҳуқуқий давлат – инсониятнинг минг йиллар мобайнидаги машаққатли меҳнати эвазига шаклланган тараққиёт ғояси ва буюк кашфиётидир.

Фақат ҳуқуқий давлат шароитидагина инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қимматини тўлиқ таъминлаш, том маънода халқпарвар бошқарув тизимини шакллантириш мумкин.

Ҳуқуқий давлат – демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир.

Шу маънода, мен “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган ғояни Конституциямизда аниқ мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этаман.

Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритишни таклиф қиламан.

Асосий қонунимизда халқ ҳокимиятчилигини, ҳокимиятларни бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатда сақлаш механизмларини таъминлашни янада кучайтириш талаб этилади".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1928 

 

Давлатимиз раҳбари мавзуни давом эттирди:

"Ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш бўйича тегишли қоидаларни Асосий қонунимизда белгилашимиз зарур.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш бўйича фармон Сенат томонидан тасдиқланиши тартибини жорий этишни таклиф этаман.

Ҳукумат томонидан тайёрланган Коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий маърузани муҳокама қилиш масаласини парламентимиз ваколатига киритиш лозим.

Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларининг конституциявий асосларини кучайтириш бўйича ишларни давом эттириш керак.

Шу мақсадда мен Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказишни таклиф этаман. Мисол учун, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Бу орқали Ҳисоб палатаси Давлат бюджети шаклланиши ва ижросини таъминлашда парламент назоратининг муҳим воситасига айланади".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1929 

 

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим масала – бу жойларда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини ажратишдир.

Барчангизга маълумки, бу ғояни мен аввал ҳам бир неча марта илгари сурган эдим. Амалга оширган ислоҳотларимиз натижасида маҳаллий Кенгашлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари кенгайди.

Шундан келиб чиқиб, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш вақти келди, деб ҳисоблайман.

Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларининг бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга олиб келади.

Ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Биз халқ вакиллик органлари ваколатларини бундан буён ҳам янада кенгайтириш йўлидан борамиз".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1930 

“Фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи институтини ислоҳ қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Хусусан, Конституциямизга қонунчилик таклифларини киритиш институтини жорий этишни таклиф қиламан.

Мазкур институт доирасида 100 минг кишидан кам бўлмаган миқдордаги фуқаролар ўз қонунчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш имкониятига эга бўладилар.

Шу асосда энди халқ бевосита қонун ижодкори сифатида ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Мазкур янги қонунчилик таклифларини киритиш институтини Олий Мажлис Сенати, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссиясига ҳам бериш вақти келди, деб ҳисоблайман.

Ижро ҳокимияти органларининг конституциявий жавобгарлик соҳаларини, ваколатларини кенгайтириш билан бирга уларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш ҳам талаб этилади.

Шу маънода, Ҳукумат ваколатларини кенгайтиришни таклиф этаман". 

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1931 

“Хусусан, Конституцияда Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликларнинг экология, ёшлар сиёсатини амалга ошириш, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қулай жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолининг дам олиши учун зарур шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулиятини белгилаш лозим.

Фуқароларнинг тинч, эркин ва фаровон яшаши Ҳукумат ва маҳаллий ижро органлари фаолиятининг бош мезонига айланиши зарур.

Суд-ҳуқуқ тизимини қораловчи, жазоловчи органдан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи органга айлантириш – ислоҳотларимизда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ривожланган давлатлардаги каби бизда ҳам адолатли ва мустақил суд, қонун устунлигини амалда таъминловчи прокуратура, жамоат тартибини сақловчи, ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ички ишлар, миллий гвардия, кучли адвокатура тизимини яратиш асосий вазифамиздир”.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1932 

“Конституциянинг олий юридик кучга эга экани, тўғридан-тўғри қўлланиши, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас ва дахлсиз бўлиб, ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли экани қайд этилмоқда.

Буларнинг барчаси Асосий қонуннинг ҳимоячиси бўлган Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Мазкур суд бошқа судлардан фарқли ўлароқ, фақат Конституцияга бўйсунади ҳамда Асосий қонуннинг устунлиги принципини таъминлайди.

Конституциявий суд қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимият чиқарган ҳужжатларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий принцип ҳамда Конституция нормаларига амал қилинишига эътибор қаратади.

Конституциямизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқишни Конституциявий суднинг ваколатида акс эттириш мақсадга мувофиқ”.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1933 

“Асосий қонунимизга Ўзбекистон барча давлатлар, энг аввало ўзининг яқин қўшнилари билан тинчликпарвар ва дўстона сиёсат юритиши, унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принцип ва нормаларига асосланиши ҳақидаги моддани қўшишни таклиф этаман.

Шунингдек, мамлакатимиз ва жаҳонда туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги шароитда, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг концептуал-ҳуқуқий асосларини янгилаш ва такомиллаштириш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу муносабат билан ҳозирги пайтда кенг омма муҳокамасида бўлиб турган конституцион ислоҳотларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман.

Мазкур ҳужжатларнинг ўта муҳимлигидан келиб чиқиб, ушбу Концепцияларни ҳам Конституциявий қонун шаклида қабул қилишни таклиф этаман”. 

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1934 

“Албатта, халқимиздан Комиссияга келиб тушган барча муҳим ва долзарб таклифларни бугун Сизлар билан батафсил муҳокама қилиш имкониятига эга эмасмиз. Мен уларнинг айримларига тўхталиб ўтдим, холос.

Комиссия таклифи асосида Парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этаман.

Тўғри, амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга.

Лекин, конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман.

Бу “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир” деган тамойилга тўла мос келади.

Шунда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олади." 

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1935 

Президент халқимизга мурожаат қилди:

“Азиз юртдошлар, бугун нотинч дунёда, ўта таҳликали замонда яшаяпмиз. Мамлакатимиз тараққиётида ғоят масъулиятли даврни бошдан кечирмоқдамиз.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилган.

Ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, шаъни ва ғурурини улуғлаб, Ватани ва халқига тоғдек таянч бўлиб яшашга қодир, эркин ва азму шижоатли инсонлардир.

Шу боис барчамиз Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккуримиз, қалбимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатимизни билдиришимиз лозим.

Барчамиз Асосий қонунимизда ўзимизни, оиламизни, маҳалламизнинг орзу-умидларини кўришга интилаётганимиз – бу табиий ва мутлақо тўғри".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1937  

“Ўйлайманки, Конституцияга киритиладиган барча тузатиш ва қўшимчалар мамлакатимизнинг 14 та ҳудудий бирлигидан иборат ягона давлатни, миллати ва элатидан қатъи назар, ягона ва қудратли Ўзбекистон халқини янада жипслаштиради ҳамда улуғвор мақсадлар сари сафарбар этади.

Шу боис барча азиз ватандошларимизни конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишга чақираман.

Ҳеч қачон унутмайлик, бу жараёндаги иштирокимиз билан ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратамиз.

Қадрли ватандошларим!

Сизларни ишонтириб айтмоқчиман, давлатимиз янгиланаётган Конституциямиз моддаларини ҳаётда тўла қарор топтириш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этади.

Бу янгиликлар аниқ қонун ва кодекслар, амалий дастурлар ва режалар билан ҳаётимизда албатта ўз аксини топади. Ҳар бир конституциявий норма ижросини таъминлаш бўйича аниқ ижтимоий, иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилади".

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1938 

“Биз ишлашга – иши, яшашга – уйи бўлган, фуқаролари тинч ва эркин, ҳаётдан мамнун, дастурхони тўкин, оиласи бахтиёр ва фаровон яшайдиган давлат қуришни мақсад қилганмиз.

Биз ана шундай буюк ишлар арафасида турибмиз. Кучли иқтисодиёт барпо этиб, дунёда муносиб ўрнимизни эгаллашимиз, халқимизга юксак шароитлар яратиш учун ҳам жуда кўп ишларни биргаликда амалга оширишимиз керак.

Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир!

Мен бутун халқимизни ана шу буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чақираман.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, Янги Ўзбекистонни албатта биргаликда барпо этамиз.

Орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят мураккаб шароитда бундай улкан ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар ҳеч қачон унутмайди.

Ана шундай буюк бахт ва шараф барчамизга ёр бўлсин!”, деди Президент сўзининг якунида.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1939 

 

 

 

Манбаа: https://t.me/shmirziyoyev 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech