Ўзбекистон Президенти Хитой делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 июль куни ШҲТга аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари кенгаши тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак Самарқанд саммити кун тартиби кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Хитой ташқи ишлар вазири давлатимиз раҳбарига ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Хитой томони тобора юқори суръат билан ривожланаётган икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражасини юксак баҳолаётгани қайд этилди. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўлиқ қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди.
Айтиш жоизки, Хитой анъанавий равишда мамлакатимизнинг етакчи ва ишончли ҳамкорларидан биридир. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Жорий йил бошидан ўзаро савдо ҳажми 35 фоизга ошди. Йил якунида товар айирбошлаш кўрсаткичлари 10 миллиард долларга яқинлашиши кутилмоқда.
Хитой компаниялари ва банк институтлари иштирокида саноат кооперацияси ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди.
Мамлакатимиз етакчиси ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, камбағалликка қарши курашиш, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини экспорт қилиш, инновацияларни жорий этиш, муқобил энергетика, “булутли” технологиялар, IT каби ва бошқа йўналишларда тубдан кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлигини алоҳида қайд этди.
Гуманитар, шу жумладан таълим ва соғлиқни сақлаш, вакциналар ишлаб чиқариш ва ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини ташкил этиш борасидаги алмашинув дастурини илгари суришга муҳим эътибор қаратилди.
Стратегик минтақавий лойиҳаларни, энг аввало, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўллари лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш билан боғлиқ масалалар алоҳида кўриб чиқилди.
Учрашувда Афғонистоннинг тинч тараққиёти ва иқтисодий тикланишига амалий кўмаклашиш борасидаги ўзаро саъй-ҳаракатлар қўллаб-қувватланди. Хитой делегацияси куни кеча шу масалаларга бағишлаб ўтказилган Тошкент конференциясининг самарали натижаларини юқори баҳолади.
Манбаа: https://president.uz/uz/lists/view/5381
Ўзбекистон Президенти Туркия ички ишлар вазири билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 июль куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлуни қабул қилди.
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида вазир Сулаймон Сойлу давлатимиз раҳбарига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Туркия томони саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш ва хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида тизимли идоралараро шерикликни йўлга қўйишга тайёр экани қайд этилди.
Суҳбатда фаол мулоқотларни, ахборот алмашишни ва илғор тажрибани ўрганишни давом эттириш, уюшган, шу жумладан кибермакондаги жиноятчилик, терроризм, диний экстремизм, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Манбаа: https://president.uz/uz/lists/view/5382
Ўзбекистон Президенти Россия ташқи сиёсий идораси раҳбарини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг пойтахтимиздаги йиғилиши тадбирларида иштирок этаётган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Суҳбатда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кун тартибидаги долзарб масалалар батафсил кўриб чиқилди.
Минтақадаги вазиятга ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик жиҳатларига, шу жумладан ШҲТ саммитига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув аввалида ташқи ишлар вазири Ўзбекистон етакчисига Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва самимий тилакларини етказди.
Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро савдо ҳажми барқарор юқори суръат билан ортиб бормоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 32 фоизга ошди. Қўшма Лойиҳа офисининг фаолияти доирасида қарийб 40 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинув йўналишида самарали ишлар олиб борилмоқда. Кейинги бир неча йилда Ўзбекистонда Россиянинг 12 та етакчи олий таълим муассасаларининг фаолияти йўлга қўйилди.
Минтақавий, шу жумладан “Марказий Осиё – Россия” форматидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Афғонистондаги вазиятнинг тинчлик йўли билан ҳал этилишига ва ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланишига кўмакни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Манбаа: https://president.uz/uz/lists/view/5383