Тошкент шаҳар ИИББ томонидан “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан турли маърифий-маданий тадбирлар ўтказиш анъанага айланган. Мазкур тантана арафасида пойтахт ИИББ ходимларининг маънавий-маърифий дунёқарашини юксалтириш, мантиқий фикрлаш кўникмалари ва тафаккур салоҳиятини ошириш ҳамда иқтидорларини намоён этишлари, ҳамкасбларига ибрат бўлишлари, шунингдек, билимга интилувчан ходимларни муносиб рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш мақсадида "Заковат" интеллектуал ўйини ўтказилди.
Унда Бош бошқарма таркибий тузилмалари ҳамда ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган ёш ходимлар: 6 нафардан иборат бўлган 32 та жамоалар қатнашди. Ёш ходимлар ушбу мусобақада ўзаро билимдонлиги ҳамда идрокларини намоён этишди. Ҳакамларнинг диққат ва эътибор билан кузатувлари остида кечган қизғин баҳслар якунига кўра 1-ўринни Бош бошқарма Патруль-пост хизмати бригадаси, 2-ўринни Бош бошқарма терма жамоаси, 3-ўринни Олмазор тумани ИИО ФМБ билимдонлари жамоаси қўлга киритдилар. Ғолибларга Бош бошқарманинг дипломлари ҳамда пул мукофотлари топширилди. Мазкур тадбир ёшларни илҳомлантириб, билим ва маданий савияларини оширишга, ўз устида ишлаш, дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилди.