14 Май 2025 йил 399

Зафар муборак, Муҳриддин!

Давлатимиз раҳбарининг халқимиз айниқса, ёшлар ўртасида спортни оммалаштиришга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлари асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ходимларнинг жисмоний тайёргарлигига катта аҳамият берилмоқда. Шу жумладан пойтахт ИИББ шахсий таркибининг жисмоний тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш раҳбарият эътиборида. Бунинг учун барча зарурий шарт-шароитлар яратилган. Қувонарлиси, ходимлар орасида профессионал спорт билан шуғулланишни мақсад қилган, жаҳон спорт майдонларида юртимиз, ички ишлар органлари ходими шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ходимларимиз талайгина. Хусусан, жорий йилнинг 9-11 май кунлари Қозоғистон республикаси пойтахти Астана шаҳрида Халқаро дзюдо федерацияси томонидан спортнинг дзюдо тури бўйича “Катта дубулға” соврини учун (Гранд слам) мусобақа ўтказилди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан келган 200 нафарга яқин танилган спортчилар ўз маҳоратларини ишга солиб, биринчилик учун муросасиз кураш олиб боришди. Мазкур мусобақада юртимиз шарафини 66 кг вазн тоифасида Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик батальони ходими Муҳриддин Тиловов муносиб ҳимоя қилиб, ўзининг жисмоний тайёргарлиги ва юксак профессионал даражадаги маҳоратини намойиш этди. У чорак финалда ишончли ғалабага эришиб, финал босқичида хитойлик тажрибали рақиби Ziyang Syue билан майдонга тушди. Қизғин ва кескин кечган баҳсда Муҳриддин рақибини мағлуб этиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади. Ушбу ғалаба нафақат спортчимизнинг шахсий ғалабаси, балки ички ишлар органларида спорт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва ходимларга яратилаётган имкониятларнинг амалий натижаси сифатида эътироф этишга лойиқдир. Ҳамкасбимиз Муҳриддинни ғалаба билан табриклаб, келгуси беллашувларида зафарлар тилаб қоламиз.

Барча янгиликлар

Text to speech