Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг пойтахтда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишдаги мақсадли курашлардан бири – бу гиёҳванд моддаларига қарши кураш, фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни гиёҳвандлик моддалари таъсиридан сақлаш, унга қарши муносиб тўсиқ қўйишдир. Ана шу мақсадларда жорий йилнинг бошиданоқ, яъни 15 январдан 15 февралигача шаҳримизда “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
15 январь куни тахминан соат 22.45 ларда Юнусобод туманидаги тадбирга жалб этилган ходимларнинг эътиборини дўконлардан бирининг орқа деворига қора бўёқ билан жойлаштирилган ёзувлар тортди. Олиб борилган текширувлар натижасида уни 2004 йилда туғилган А.Дархон ва 2005 йилда туғилган А.Азизбеклар ёзганлиги маълум бўлди. Уларнинг ёнидан 2 та рангпуркагич баллонлар топилиб, гувоҳлар иштирокида ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. Дастлабки суриштирувларда улар ушбу гиёҳванд моддаларининг олди-сотдисига жалб қилувчи ёзувларни граффити тарзида жойлаштириш орқали даромад топишни таклиф қилувчи гуруҳни ижтимоий тармоқлардан топиб, ҳар бир ёзув учун келишилган маълум суммани пластик картасига ташлаб берилиши эвазига амалга оширганини маълум қилишди.
Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 56 прим 4-моддаси (“Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш”) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўришлик учун жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судига юборилди. Суд томонидан уларга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Худди шу каби ноқонуний хатти-ҳаракат вояга етмаган Г.Даниил томонидан Юнусобод туманининг бошқа ҳудудларида ҳам содир этилганлиги аниқланди. Ашёвий далиллар билан ушланган Даниил мактаб ўқувчиси эканлиги инобатга олиниб, унинг онасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (“Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик”) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли чора кўрилди. Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ушбу шахслар бошқа ҳудудларда “наркограффити” билан шуғулланганлиги ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-44-79 телефон рақамига ёки @stopnarko_bot телеграм бот орқали мурожаат қилишингиз сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.