19 Феврал 2026 йил 93

Ёшларни аср вабосидан асрайлик

Юртимизда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш миллий стратегиямизнинг устувор вазифаларидан биридир. Шунингдек, бу иллатга қарши курашиш фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш орқали, аҳоли, биринчи навбатда ёшлар саломатлигини ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳам муҳим. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш янги босқичга кўтариш мақсадида, пойтахт ҳудудида жорий йилнинг 1 февралидан 1 мартига қадар “Ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш”га қаратилган комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги амалга оширилмоқда. Ойлик доирасида Юнусобод туманида жойлашган Тошкент Архитектура-қурилиш университети талаба ёшлари иштирокида очиқ мулоқот тарзидаги учрашув ташкил этилди. Ўқув даргоҳи маъмурияти, талабалар олдида сўзга чиққан туман ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Маҳкам Вафоев гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги, келажаги ҳамда жамият тараққиётига етказадиган жиддий зарарлари ҳақида атрофлича тўхталди. Тадбир давомида ёшлар ўртасида гиёҳвандлик жиноятларининг олдини олиш, уларни турли ёт ғоя ва иллатлар таъсиридан асраш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари бўйича маълумотлар тақдим этилди. Йиғилганлар эътиборига гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари, инсон тақдири, оила муҳити, фарзандлар тарбиясига етказадиган зарарли таъсири ҳаётий мисоллар орқали ёритилган видеоролик намойиш этилди. Видеолавҳа талабаларда катта таъсурот қолдирди. Учрашув сўнгида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Тадбир ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларни зарарли одатлардан асраш ҳамда соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Барча янгиликлар

Text to speech