Ёшлар уртасида гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги доирасида волейбол мусобақаси ўтказилди
Юртимизда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатлардан асраш мақсадида кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан маҳалла ёшлари ўртасида волейбол спорт тури бўйича мусобақа ташкил этилди.
Мазкур мусобақа Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғининг очиқ кубоги учун ўтказилиб, унда туман ҳудудидаги маҳаллалардан тузилган жамоалар фаол иштирок этдилар. Спорт тадбири ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, энг муҳими, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилишга қаратилди.
Мусобақанинг очилиш маросимида сўз олган масъуллар ёшларни турли ёт ғоялар ва зарарли одатлардан йироқ бўлишга чақириб, спорт инсонни иродали, чидамли ва мақсадга интилувчан қилиб тарбиялашини таъкидладилар. Шунингдек, гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчалар берилиб, ҳар бир ёш ўз келажаги учун масъул экани эслатиб ўтилди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда жамоалар ғалаба учун астойдил ҳаракат қилдилар. Якунда ғолиб ва совриндор жамоаларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Барча иштирокчиларга фаоллиги учун миннатдорчилик билдирилди.
Бундай спорт мусобақалари ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади, ёшларнинг эртанги кунига ишонч билан қарашига хизмат қилади.