20 Январ 2026 йил 574

Тергов амалиётидан. Ёмонга қўшилсанг...

Муқаддам фирибгарлик жинояти билан судланиб иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ўтказиб келган Элбек бундан ўзига керакли хулоса чиқармади. Аксинча, уч фарзанднинг отаси, муқаддам судланмаган Азизни йўлдан уриб ўз жиноятига шерик қилди. Элбек айни дамда қурилиш материалларининг бозори чаққонлиги, қўшни давлатларда танишлари керакли қурилиш молларини етказиб бериши, устама нарх қўйиб сотиш орқали мўмай даромад топиш мумкинлигига Азизни ишонтирди. Қурилиш моллари дўконлари атрофида айланиб, мижоз қидира бошлашди. 2024 йилнинг 3 декабрида уларнинг тўрига Равшан илинди. Уч ойга қолмай Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган сифатли “МДФ” ва “ДСП” қурилиш маҳсулотларини етказиб бериш шарти билан ҳамтовоқлар Равшандан 30.000 АҚШ долларини олиб, шу кетганча дом-дараксиз кетишди. Равшандан олинган пуллар ўзаро тақсимланиб, эҳтиёжларига ишлатиб юборилди. Азиз ҳам қачон буюртмани бажарамиз, ваъдамиз қаёқда қолди, деб Элбекдан бир оғиз сўрамади. Бу ёғи фирибгарларнинг сценарийси бўйича: телефонлар ўчирилган, кўрсатилган манзилда бошқа шахслар яшайди. Нажот фақат ички ишлар органларидан. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди очиқ суд мажлисида 1995 йилда туғилган, икки фарзанднинг отаси, муқаддам судланган Р.Элбек ҳамда 1987 йилда туғилган, уч нафар фарзанднинг отаси, муқаддам судланмаган О.Азизнинг жиноий хатти-ҳаракатларини кўриб чиқиб, уларни Республика Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (Фирибгарлик) билан айбдор деб топди. Уларнинг айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оилавий шарт-шароитларини инобатга олиб, ҳар бирига иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Мазкур жиноят иши тафсилотлари Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси, майор Беҳзод Жўраевнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech