14 Август 2025 йил 384

“Яхшиликни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак”

Пойтахтимизнинг Яккасарой тумани ИИО ФМБ ППХ отряд командири, подполковник Баҳодир Бардиевнинг қўл остида бир неча ўнлаб ходимлар бор. Уларнинг белгиланган ҳудудларда хизмат олиб бориши сифати, вазифаларига ёндашиши, иш самарасини баҳолаш, камчиликларини кўрсатиб бартараф этиш, умумий назоратни амалга ошириш кўплаб вазифаларидан бири. Маълумки, туманнинг Тарас Шевченко кўчаси гастрономик кўчага айлантирилиб, хорижий сайёҳлар ва юртдошларимизнинг манзарадан баҳраманд бўлиб, бир пиёла чой устида ҳордиқ чиқаришлари, биргаликда суҳбатлар қуриб, гурунглашишлари учун кечаю кундуз очиқ. Ўша куни Баҳодир Бардиев бу манзилда жамоат тартибини сақлаш, осойишталикни таъминлаш хизматига жалб этилган ходимлар ишини назорат қилиш мақсадида, ушбу даргоҳга ташриф буюрди. Вақт алламаҳал бўлган, транспорт воситалари қатнови камайган пайт. Ҳали кўчанинг ўртасига етмай икки ёши катта аёл унга мурожаат қилиб, қўшни Тожикистондан ташриф буюришгани, айланиб кеч қолишгани, бу ерларни билмасликлари, энг мазали “Миллий таомлар” ошхона манзилини айтиб, йўл кўрсатишларини сўрашди. Баҳодир меҳмонларга сара ўзбек ошхоналарини таклиф этаркан, улар томон яқинлашаётган яна икки нафар ўрта ёшли ва етти нафар вояга етмаган болалар эътиборини тортди. Лавҳамиз қаҳрамони тўрт нафар катталарга манзилни тушунтириб, йўлида давом этаверса бўларди, аммо етти нафар болаларни кўзи қиймади. Дарҳол рацияда алоқага чиқиб, хизмат автобусини чақирди. Меҳмонлар бундай муносабатни кутмаганлиги учун қайта-қайта миннатдорлик билдирар, бу яхшиликни қандай қайтарамиз, дея ҳижолат бўлишарди. Айланиб чарчаган, иссиқдан қийналаётган болалар эса қувончдан кўзлари порлаб, чопқиллаганча, шўх-шодон қийқириб ўзларини салқин автобусга уришди. Болалар автобус ойнасидан қўл силтаганча “яхши, меҳрибон ходим-амакига” раҳматлар айтиб кўздан ғойиб бўлганида, Баҳодир енгил тортиб, ўз ишига шўнғиди. Бу воқеани унутиб ҳам юборганди. Аммо меҳмонлардан бири воқеа тафсилотларини видеотасвирга олиб, қўшни давлатлар ижтимоий тармоқларига жойлаштиргани ва бу кўплаб мухлисларнинг ижобий баҳоси ва олқишларига сазовор бўлганлиги кутилмаган, аммо эътибор тортар воқеа бўлди. Қаҳрамонимизга келсак, у ички ишлар идораларидаги фаолиятини 2002 йилда Яккасарой тумани ИИБда “Ўрикзор” маҳалласи профилактика инспектори лавозимидан бошлаган. Ўн олти йил давомида туманнинг “Бошлиқ”, “Ракат”, “Конституция”, “Ракатбоши” маҳаллаларида , сўнг туман ИИО ФМБ ЖТСБ бошлиғи лавозимларида сидқидилдан хизматни давом эттирган. Хизмати давомида шахсан ўнлаб безорилик, қидирувдаги шахсларни ушлаш, гиёҳванд воситаларининг тарқалиши, майда ҳуқуқбузарликлар, ўткир тиғли буюмларни аниқлаш орқали жиноятларнинг олдини олишга муваффақ бўлган. Унинг фидоий хизматлари пойтахт Бош бошқармаси, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан муносиб рағбатлантирилгани эътирофга лойиқ. Айни дамда туманда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда қўл остидаги ходимларнинг хизматларини ташкиллаштириш, куч-воситаларни тўғри тақсимлаш, аниқ жойлаштириш, хизматларини назорат қилиш, муносиб рағбатлантириш билан бирга уларнинг оилавий шарт-шароитларини, эҳтиёжларини ўрганиб, хизматга муносабатларини шакллантириш омилларига ҳам катта эътибор қаратиб келмоқда. Шунингдек, ўзи ва қўл остидаги ходимлари томонидан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида тумандаги мавжуд корхона-ташкилотлар, ўқув юртларида тарғибот ва ташвиқот, профилактик-тушунтириш ишларини юритиш изчил йўлга қўйилган. Кўриниб турибдики, подполковник Баҳодир Бардиев нафақат раҳбарлик намуналарини балки, меҳр-мурувват, олижаноблик, меҳмондўстлик, бағрикенглик каби одамийлик намуналарини намоён этиш билан ҳам қўл остидагиларга ибрат бўлмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech