Одамнинг исми қанчалик баландпарвоз жарангламасин тарбия ва билими бўлмаса, ундан маъно йўқ. Мана масалан, Жавоҳирмирзохўжа. Аввал икки маротаба ўғирлик жинояти учун судланган, кейин “касбини” ўзгартириб фирибгарлик жиноятига ўтган. Фириби учун икки маротаба яна судланган. Охирги марта 3 йилу 9 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ жазо муддатини ўтаб қайтибоқ эски ҳунарига қўл урди. У 2023 йилнинг 24 августида таниши Т.Миркомил ишлаётган қурилишга келди. Танишини ишга кирмоқчи эканлигига ишонтирди ва ундан ишга жойлашгунча тунаш учун жой сўради. Тунда гурунглаша туриб, нархи бир миллион сўм бўлган уяли телефонини бир кунга фойдаланиш учун сўради. Эртаси гўёки иш қидиргани шаҳарга тушиб кетди. Шу куни телефон иловасига уланган “Click” орқали Миркомилга тегишли бўлган пластик картаси ҳисобида бўлган 500.000 сўм пулларини ечиб олиб, камига телефонни сотиб юборди. Аввалига Миркомил икки кун ўтса ҳамки телефони қайтарилмаганига эътибор бермади. Аммо харид учун дўконга кирган Миркомил картасида тийин ҳам қолмаганини билгач, ички ишлар органларига мурожаат қилди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди очиқ суд мажлисида 1995 йилда туғилган, муқаддам 2018-2021 йилларда ўғирлик, 2022 йилда икки бор фирибгарлик учун судланган Д.Жавоҳирмирзохўжанинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) ҳамда 169-модда 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбдор деб топди. Айбдорнинг жабрланувчига етказилган зарарнинг тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, қилмишидан пушаймонлиги эътиборга олиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Матлубахон Холдорованинг иш юритувидан олинди.