26 Июн 2025 йил 398

Яхшилик қилишга шошилинг!

Ёшлик – ғайрат-шижоати, бетизгин орзу-умидлари, келажак ҳаётга дадил қадамлари билан гўзал. Лавҳамиз қаҳрамони лейтенант Бахтиёр Собиров отаси – узоқ йиллар ички ишлар идораларида хизмат қилиб айни дамда нафақада – Юсупбай аканинг эл-юрт тинчлиги йўлидаги меҳнатлари, обрў-эътибори, қатъияти, мардонаворлигини кўриб вояга етди. Отасининг изидан боришга аҳд қилгани боис, ИИВ 1-сонли академик лицейни битирган йили Жамоат хавфсизлиги университетига ўқишга кирди. 2024 йилда уни муваффақиятли тамомлаб, пойтахт ИИББ Миробод тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори лавозимида иш бошлади. Профилактика катта инспектори, подполковник Зокир Ҳайдаров ёш, тиришқоқ, билимга интилувчан йигитга устозлик қилди. Қаҳрамонимизнинг айтишича, ўқиш билан амалиёт ўртасидаги тавофут тажрибали ходимлар билан ишлаганда билинади. Шу боис устозидан имкони борича соҳанинг қирраларини кўпроқ ўрганишга киришди. Аслида Бахтиёр, ёши улуғ, кўп йиллик тажрибага эга ходимларнинг ҳаммасини ўзига устоз деб билади. Чунки, кимдандир ниманидир ўрганади, йўл-йўриқ сўрайди, маслаҳатлашади. Бугун Миробод тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими Маъмурий амалиёт гуруҳи инспектори, лейтенант Бахтиёр Собиров ёш бўлишига қарамай зиммасига юкланган вазифаларнинг масъулиятини чуқур англайди. У маъмурий баённомаларнинг қонунан тўғри расмийлаштирилганлиги, ҳисоботларнинг аниқ ва бехато юритилишига катта эътибор беради, сўраб ўрганишдан орланмайди. Керак бўлса, отаси Юсупбай акани ҳам тинч қўймайди, маслаҳат солади, баҳслашади. Лавҳамиз қаҳрамонининг олдига қўйган мақсадлари эса ҳали кўп. Ўзи сингари ёшларни эса тўғри, соғлом турмуш тарзини танлаш, энг аввало ўзлигини англашга, юртимиз, халқимизга асдойдил хизмат қилишга бел боғламоққа, яхшилик қилишга шошилмоққа чақиради.

Барча янгиликлар

Text to speech