28 Август 2024 йил 1259

Вазифамиз фақат жазолаш эмас

Майор Муниса Муродуллаева Сергели тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси. Ўрта мактабни тамомлаб, ички ишлар ходими бўлиш ниятида ҳужжатларини ИИВ Академиясига топширишини айтганида отаси Рустам ака ва онаси Ойгул опа бу касбнинг машаққатлари борлиги, яна бир бор ўйлаб кўришини тавсия қилишганди. Аммо  бир сўзли Муниса  ўз фикридан қайтмади. 2017 йилда ИИВ Академиясини муваффақиятли тамомлаб, Сергели тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимида терговчи лавозимида иш бошлади. Устозлари: тажрибали ва ўз соҳасининг билимдонлари бўлмиш катта терговчилар, подполковниклар Жамолиддин Жамилов, Умида Юсупжановалардан  суриштирув-тергов жараёнида  гумонланувчилар, айбланувчилар ва жабрланувчилар билан ишлашда аввало ўзини қандай тайёрлаш, нималарга эътибор бериш, айбланувчининг шахсини ўрганиш, қандай ёндашиш, жиноятларни тўғри таснифлаш каби соҳанинг ўзига хос қирралари ва жиҳатларини қунт ва эътибор билан ўрганди. Дастлабки даврларда тергов жараёнини назорат қилиш ва ишига баҳо беришни устозларидан сўрашдан ийманмасди. Терговчилик касби  доимо ўрганиш ва изланишни талаб қилади. Ҳатто юртингда, дунёда юз бераётган воқеалардан ҳам хабардор бўлишни тақозо этади. Зотан, сен тергов қилаётган шахс сендан билимлироқ ва кўпроқ маълумотга эга бўлса, бу нафақат сенинг маънавий мағлубиятингдан, балки устунликни бой берганингдан дарак беради.

– Аксарият жиноятчиларни билимсиз, маданиятсиз, тўпори, дунё бехабар, калтафаҳм бўлади, деб ўйлашади айримлар. Бироқ амалиётимда тарихимизни, дунё воқеалари, бугунги илғор технологиялар, жаҳонда юз бераётган воқеалар ҳақида ўз мустақил фикрига эга, маданиятли бўлганлари ҳам йўқ эмас. Бундайларга рўбарў келганингда беихтиёр шундай одамларнинг жиноятга қўл урганига афсусланиб кетасан, киши, – дейди майор Муниса Муродуллаева. – Чунки улар жамиятимизга қанча фойда келтириши мумкин эди-да. Таъкидлашим лозимки, вазифамиз жиноят кодексининг тегишли моддаларни қўйиб шахсни фақат панжара ортига жўнатиш эмас. Балки, тўғри йўл кўрсатиш, ҳаётларини тиклашга, эзгуликка ишонч туғдириш, жиноятнинг қоронғу, боши берк кўчасига адашиб ёки бошқа сабаб билан кириб қолганларга чироқ тутиб, ёруғлик сари етаклаш бурчимиздир.

Барча янгиликлар

Text to speech