30 Июн 2025 йил 2048

Ички ишлар вазирлигида аҳоли мурожаатлари ўрганилди

Жорий йилнинг 29 июнь куни жамиятда қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли муаммоларини ўрганиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан фуқаролар қабули ташкил этилди.

Қабул жараёнида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган фуқаролар ўзларини ўйлантираётган масалалар юзасидан мурожаат қилишди.

Ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан жами 913 нафар фуқаролардан 553 та мурожаат қабул қилинди. Мурожаатчилар томонидан кўтарилган масалаларни тегишли мутасадди раҳбарлар иштирокида жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Айрим мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва улар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, мурожаатларни кўриб чиқишда фуқароларнинг реал эҳтиёж ва талабларини чуқур таҳлил қилиш, уларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини аниқлаш ва тизимли ҳал этишга алоҳида урғу берилди. Шунингдек, мурожаатларда кўтарилган масалалар ижроси қатъий назоратга олингани, фуқаролар манфаатлари доирасида ечим топилиши таъминланиши қайд этилди.

Мурожаатлар асосан жиноят ишларини тергов қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суриштирув ва тергов жараёнларида юзага келган муаммолар, ички ишлар органларидаги хизмат ўтиш масалалари, ишга жойлашиш, амнистия (афв) этиш ва маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолатига оид, маҳаллий даражадаги иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва бошқа йўналишларга доир бўлди.

Қабул қилинган мурожаатлардан 265 таси (48 фоизи) тегишли ҳуқуқий асослар билан ижобий ҳал этилди. Қолган 288 та мурожаат (52 фоизи) бўйича комплекс ўрганиш талаб этилиши туфайли ижросини назоратга олиш ва ечимини таъминлаш бўйича махсус вазифалар юклатилди.

Шахсий қабул жараёнида масъул раҳбарларга мурожаатлар юзасидан тезкор ва самарали чоралар кўриш, ҳар бир фуқаронинг муаммосига инсоф ва адолат асосида ёндашиш бўйича қатъий топшириқлар берилди.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан ташкил этилаётган бундай қабуллар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида фаолият юритишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Барча янгиликлар

Text to speech