30 Май 2025 йил 902

Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги "Нурафшон" маҳалласида жойлашган ҳостеллардан бирининг фаолияти қонунийлиги ва яшаш тартиби назорати ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича фаолияти ўрганилди.

       Пойтахт туманлари ҳокимлари, ИИБ, ДСИ, прокуратура раҳбарлари, адлия бошқармаси ва бошқа тузилмалар вакилларининг қўшма ташрифи доирасида ноқонуний "резина уйлар" пайдо бўлишининг олдини олиш, ҳостеллар ва меҳмон уйларининг фаолият шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, аҳоли хавфсизлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

       Асосий қадамлар қаторига ягона рақамли тизимга уланган видеокузатув камераларини ўрнатиш, хоналар майдони бўйича меъёрларга риоя қилиш, яшовчилар учун санитария-гигиена шароитларини яратиш, фавқулодда хизматлар ва Туризм бошқармаси Call- маркази билан боғланиш имкониятини таъминлаш, шунингдек, меҳмон уйлари эгалари бўлган тадбиркорларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш киради.

       Ҳоким таъкидлаганидек, бу "маҳалла еттилиги" тизими фаолиятидан кутилаётган натижа бўлиб, бунда одамлар ҳам ишлайдиган, ҳам яшайдиган объектларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

       Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва хавфсиз шаҳар муҳитини яратиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва солиқ идоралари билан яқин ҳамкорликда ушбу меҳмон уйи тажрибаси бутун пойтахт бўйлаб жорий этилиши кутилмоқда.

© Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

Барча янгиликлар

Text to speech