Бугун, 20 феврал куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида “Aхборот технологиялари соҳасидаги жиноят турлари ва улардан ҳимояланиш усуллари” мавзусида брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи Исаханова Нилуфар Камилжоновна, ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари-тергов бўлими бошлиғи подполковник Тўхтаев Анвар Илхамович, АТСЖҚКБ "Электрон маблағларни талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлими" бошлиғи майор Тиллаходжаев Беҳзод Дилшод ўғли, Тошкент шаҳар ИИББ масъул ходими Отамурадов Шовкат Синдоровичлар иштирок этди.
Брифингда 2022 йилда содир этилган жиноятларнинг қисқача таҳлили, ахборот-технологиялари соҳасидаги жиноятлар турлари ва улардан ҳимояланиш усуллари ҳақида маълумот берилди.
2022 йил давомида пойтахт ҳудудида “Тошкент тажрибаси” асосида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа тегишли идоралар билан ҳамкорликда қатор профилактик тадбирлар амалга оширилди.
Натижада, пойтахт ҳудудида содир этилган жиноятлар ўтган йилга нисбатан 10,8 фоизга камайишга эришилди.
Шу жумладан, қасддан одам ўлдириш 18 фоизга, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 23,6 фоизга, номусга тегиш 12,2 фоизга, босқинчилик 25,4 фоизга ва талончилик 35 фоизга камайган.
Тошкент шаҳридаги 584 та маҳаллалардан 157 тасида умуман жиноят содир этилмаслигига эришилди.
Бугун эса, ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятларга дуч келмоқдамиз. Ва бу жиноятларни аниқлаш ва фош этиш ҳам ўзгача ёндашувни талаб қилади.
Айнан ушбу жиноятларнинг йилдан йилга кўпайиб бораётгани ҳақида қисқача маълумот берамиз.
Статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида
– 2020 йилда ахборот технологиялари соҳасида қайд этилган жиноятлар 106 тани ташкил этган бўлса,
– 2021 йилда бу турдаги жиноятлар 2 281 тани,
– 2022 йилда эса икки бараварга кўпайиб 4 332 тани ташкил этди.
Энди эътибор беринг, ўтган 2022 йилда содир этилган жиноятларни 2020 йил билан таққослайдиган бўлсак, 4 226 та ёки 40 бараварга кўпайганлигини кўришимиз мумкин.
Шундан, 2 747 таси киберўғирлик, 625 таси киберфирибгарлик ва 874 таси ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган гиёҳвандлик жиноятлари ҳисобланади.
2022 йилнинг август ойида Муҳтарам Президентимизнинг Қарорлари билан,
– Тошкент шаҳар ИИББ таркибий тузилмасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор қидирув, тергов, эксперт-криминалистика бўлинмаларидан иборат “Ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси” ташкил этилди.
Ушбу бошқарма “IT” соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлган малакали ходимлардан жамланиб, 2022 йил ноябрь ойидан бошлаб фаолияти йўлга қўйилди.
Асосий йўналиш сифатида ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни олдини олиш, қарши курашиш ва барҳам бериш этиб белгиланди.
Ташкил этилган бошқарма томонидан ушбу қисқа вақт давомида бу турдаги жиноятларни олдини олишга қаратилган қатор профилактик тадбирлар ўтказилди.
Брифингда бош бошқарма ва унинг таркибий бўлинмалари фаолияти тўғрисида тўлиқ зарур маълумотлар берилди.