Давлат раҳбарининг Тошкент шаҳри, хусусан Чилонзор туманида хавфсиз муҳит ва жиноятдан ҳоли ҳудуд яратиш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида туман миқёсида кенг қамровли ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу ишлар “пойтахт намунаси” сифатида ҳуқуқ-тартибот, профилактика ва ижтимоий ҳамкорликни уйғунлаштирган ҳолда ташкил этилмоқда.
Хусусан, топшириққа асосан Чилонзор тумани ҳокимлигида аҳолининг барча йўналишдаги мурожаатларига зудлик билан муносабат билдириш ва кўриб чиқиш ҳолатини, криминоген вазиятни реал вақт режимида тезкор мониторинг қилиш имкониятини берувчи Вазиятлар маркази ташкил этилди.
Тумандаги амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларнинг самарадорлигини ўрганиш ва янада жадаллаштириш мақсадида Ички ишлар вазири ҳар-бир маҳаллага борган ҳолда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг келиб чиқиш омилларни таҳлил қилмоқда. Хусусан тадбир бошидан “Диёр”, “Новза”, “3-Катта Чилонзор”, “Бектўпи”, “Оқтепа”, “Бешчинор”, “Кўркам” маҳаллаларига борилиб профилактика инспекторлари ва маҳалла еттилиги билан бирма-бир суҳбатлашилиб, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Маҳаллалардаги муаммоларни бартараф этишда ҳудуднинг ижтимоий вазияти ва алоҳида хусусиятидан келиб чиққан ҳолда илмий методлардан фойдаланилмоқда. Жумладан, болалар билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида туманнинг “3-Катта Чилонзор” маҳалласидаги 168-сонли ҳамда “Дилобод” маҳалласидаги
178-сонли мактабларга туташ кўчаларда автомобилларнинг бир томонлама ҳаракатланиши йўлга қўйилди.
Шунингдек, туманда мавжуд бўлган 108 та меҳмонхона, хостел ва уй меҳмонхоналарни хатловдан ўтказиш, уларнинг кириш-чиқиш қисмларига юзни таниб олувчи, йўлаклари ва бошқа ҳудудларига кузатув камералари ўрнатиш ишлари давом этмоқда.
Йирик савдо мажмуалари ҳамда бозорларда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг мол-мулкларини ҳар қандай тажовузлардан ишончли ҳимоя қилиш мақсадида тумандаги “Чилонзор буюм бозори”, “Абу-сахий”, “Бектўпи”, “Чилонзор деҳқон бозори”, ҳамда “Қатортол” “Макро” савдо мажмуалари фаолияти ўрганилди.
Ўрганишлар жараёнида асосий эътибор, бозорларни тўлиқ рақамлаштирилиши ва яширин иқтисодиётни жиловлаш, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бозорлар автотураргоҳларини тўлиқ рақамлаштириш ишларига қаратилмоқда.
Шунингдек, туманда жамоат хавфсизлигини таъминлаш инфратузилмаси тубдан такомиллаштирилмоқда. Хусусан, маҳаллаларда профилактика инспекторларининг фаолияти кучайтирилиб, уларнинг хизмат бинолари замонавий техник воситалар билан жиҳозланди. “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида ҳар бир ҳудудда жиноятчиликка олиб келувчи омиллар чуқур таҳлил қилиниб, аниқ манзилли режалар ишлаб чиқилди.
Ижтимоий профилактика йўналишида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Низоли оилалар, ишсиз ёшлар, назоратга муҳтож шахслар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилиб, уларни бандликка жалб этиш, касб-ҳунар ўргатиш, психологик ва ҳуқуқий кўмак кўрсатиш чоралари амалга оширилмоқда. Ёшлар ўртасида спорт, маданият ва маънавий-маърифий тадбирлар кўлами кенгайтирилиб, бўш вақтни мазмунли ташкил этишга қаратилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги масъуллари ва бошқа давлат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар туманнинг барча маҳаллаларида белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўрмоқда.