13 Июн 2024 йил 984

Устоз кўрган шогирд

Ички ишлар  идоралари сафида  хизмат залворини нозик елкаларига олиб, сидқидилдан ишлаб келаётган аёл-қизларимиз  талайгина. Уларни хизматнинг барча соҳаларда учратишингиз мумкин. Хизматнинг оғир-енгили бўлмаганидек, аёл-қизларимизга ҳам бу борада чегирмалар йўқ. Ёш бўлишига қарамай, ана шундай хизматлардан бири – тергов соҳасини танлаган Шаҳризода Нариманова 2022 йилда ИИВ Академиясини тугатиб, Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлимида терговчи лавозимида иш бошлади. Асли Хоразмлик, оддий меҳнаткаш оиласида тарбия топган қаҳрамонимиз ўқув даргоҳида олган билимларини амалиётда  моҳирона қўллашига устози – бўлим катта терговчиси, подполковник Шарофиддин Асомовнинг  хизматлари беқиёс бўлди.  Бу ҳақда Шаҳризоданинг ўзи шундай дейди:

– Устозимдан тергов сир-асрорларини ўргандим. Ҳар бир жиноят турига қараб, нафақат тергов саволларини ҳатто ўзимни ҳам руҳан тайёрлашим зарурлигини англадим. Улар қаттиққўл ва талабчан бўлиб, хатоларимни кўрсатиб ўтарди. Очиғи, танбеҳ эшитган вақтларимда тушкунликка тушган ҳолатларим ҳам бўлди. Устозимнинг яна бир таъкидлашга муносиб жиҳати – танбеҳ бериш билан бирга, ютуғингизни мақтаб кайфиятингизни кўтаришни ҳам билади.

Шаҳризода биринчи мустақил ишини аёллар фирибгарлиги жиноятини терговидан бошлади. Икки аёл танишларининг фарзандини  олий  таълим даргоҳига ўқишга киритиб қўйишга ваъда бериб, катта миқдорда пулини олиб, ўзлаштириб юборишади. Ваъдабозларни на яшаш манзилида, на уяли телефони орқали топа олмаган  жабрдийда ички ишлар идораларига мурожаат қилади. Шаҳризода мазкур ишни тез фурсатларда очиб, жиноят ишини   муваффақиятли равишда судга чиқаришга эришди. Фирибгарлар қилмишига яраша  қонун олдида жавоб беришди.

Айни пайтда лейтенант Ш.Нариманова ўғирлик, фирибгарлик, тан жароҳати етказиш, товламачилик каби қатор жиноят турларини  билимдонлик билан фош этиб келмоқда. Шаҳризода томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари, қонунбузарлар қилмишларини қонунан тўғри таснифлаши боис, у юритган жиноий ишларга ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан эътирозлар бўлмаган.

Ёшлик  ғайрат-шижоати уфуриб турган, келажакка дадил қадам қўйган, Ватанга хизмат қилишдек юксак мақсадларни кўзлаган Шаҳризоданинг  нигоҳига боқиб, у каби ўғил-қизларимиз сафлари кенгаяверсин, дегинг келади.

Барча янгиликлар

Text to speech