24 Июл 2025 йил 399

Унинг ўзи Икромжон, унинг ўзи Абдуллоҳ, унинг ўзи Яҳёхон...

Ҳар бир ота-она фарзандига исм қўйишда катта-катта орзуларини унда мужассам этишни хоҳлайди. Чиндан ҳам аксарият кишиларнинг қилаётган амаллари, юриш-туриши исми жисмига монанд эканлигидан дарак беради. Аммо баъзиларнинг исми мутлақо акс томонларини кўрсатади. Қуйида эътиборинггизга ҳавола қилмоқчи бўлган жиноят ишининг “қаҳрамони” ҳам ўз қилмишлари билан исмини оқлади десак – афсуски, салбий жиҳатлари билан – ҳайрон бўлманг. Ахир олти марта фирибгарлик жинояти учун судланиб, судга отнинг қашқасидек маълум бўлган бу шахсни “машҳур” дейиш нотўғрими? Англаган бўлсангиз керак, еттинчи маротаба судланаётган фирибгарнинг исми Машҳурбек. У 1998 йилда туғилган, маълумоти ўрта, бир фарзанднинг отаси. Камига рецидивист. “Ҳунари” – белини оғритмай пул топиш илинжида соддадил, ишонувчан кимсаларнинг кўнглига қўл солиб, ишончига кириб, уларнинг чўнтакларини қоқиш. Албатта, бу қилмишлари учун “пушаймонлиги, тавба қилганликлари” ҳақида онт ичиб, суд ва жабрланувчиларнинг шафқатига эришиб бир неча маробата енгил жазо олишга муваффақ бўлган: жарима, ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган. Бироқ бундан тегишли хулоса чиқармаганлиги кўриниб турибди. Йўқса, яна жиноятга қўл урармиди? Машҳурбек эски ҳунарини қўмсаб, ўзига тегишли уяли телефони имкониятларидан фойдаланишни режа қилди. 2023 йилнинг 10 декабрида ижтимоий тармоқлар орқали телеграмм иловасида мавжуд бўлган каналдан фойдаланган ҳолда, арзон нархларда қулай ва шинам хонадонлар борлиги ҳақида ёлғон маълумотлар ва унга илова сифатида ишончли бўлиши учун фотосуратларни жойлаштириб эълон берди. Кечга бориб, унга Ё.Зебохон қўнғироқ қилди. Машҳурбек ўзини риэлтор Икромжон Саъдуллаев деб таништирди. Мижознинг кўнглидагидек икки хонали хонадонни, истаганидек яқин манзилдан топиб беришга ваъда бериб, 600.000 сўмини пластик картасига ўтказишга эришди. 20 декабрь куни Б.Мақсудага ўзини риэлтор Абдуллоҳ Солиев деб таништирди ва мижоз истаган хонадон борлигига ишонтириб, 620.000 сўм пулни пластик картасига ўтказишга муваффақ бўлди. 26 декабрь куни қўнғироқ қилган Қ.Дилшодга ўзини риэлтор Яҳёхон Обидов деб таништириб, 500.000 сўм пулига эга чиқди. Кейинги сафар исм-шарифини ўзгартиришга эҳтиёж қолмади. Ҳолбуки, ички ишлар органлари ходимлари аллақачон мижозларнинг мурожаатлари бўйича “машҳур” Машҳурбекнинг изига тушган, етарлича далилий ашёларга эга эди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди очиқ суд мажлисида А.Машҳурбекнинг жиноий қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “г” бандлари (“Фирибгарлик”), 141прим 2-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандларида (“Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш”) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, жабрланувчиларнинг ўзлари енгил жазо тайинланишини сўраганликлари эътиборга олиниб, Суд Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бўлими Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Феруз Исмоилов таништирди.

Барча янгиликлар

Text to speech