16 Август 2025 йил 468

Учтепа туманида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг сайёр қабули бўлиб ўтди

Мунтазам равишда ўтказиб келинаётган сайёр қабуллар ёрдамида аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида бартараф этиш юзасидан амалий ишлар ўз натижасини бермоқда.
Хусусан, навбатдаги сайёр қабул Учтепа туманида жойлашган “САМО” инсон тараққиёти халқаро маркази биносида бўлиб ўтди.
Учтепа ва Чилонзор тумани аҳолисининг мурожаатларини ўрганиш мақсадида ташкил этилган мазкур қабулда пойтахт ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев, Учтепа тумани ҳокими Бунёд Мамаджанов ҳамда бошқа масъул раҳбарлар иштирок этишди.
Ўтказилган сайёр қабул давомида фуқаролар ҳуқуқий-ижтимоий мавзуларда – терговга қадар текширув, тергов доирасидаги ишлар, бандлик, саломатликни тиклаш, таълим, юридик муносабатлар бўйича амалий ёрдам сўраб масъул раҳбарларга юзландилар. Мурожаатларнинг 14 таси жойида ижобий ҳал этилди, 8 таси бўйича малакали тушунтириш берилди. Кўриб чиқиш қўшимча муддат талаб этадиган 12 та мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди. Хусусан, бир нафар фуқаронинг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5 ва 43-моддаларига мувофиқ аризаси қаноатлантирилиб, унга Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигини тасдиқловчи ID картаси тантанали равишда топширилди. Шунингдек, пойтахтимизда яшовчи 4 нафар ёшларга 16 ёшга тўлганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ID картаси топширилди.
Қабулдан сўнг бош бошқарма бошлиғи ҳамда туман ҳокими Фарход ва Ширин маҳалласи кесишган ҳудудда бунёд этилаётган аллеяни кўздан кечиришди. Хавфсиз кўчага айланиши режалаштирилган ушбу масканда амалга оширилаётган қурилиш ишлари, хавфсизлик чоралари билан танишилди. Р.Султанходжаев томонидан қўшимча кузатув камераларини ўрнатиш ва уларни Ягона тезкор бошқарув марказига интеграция қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилиб нафақага чиққан фахрий ходим Аброр Ибрагимовнинг хонадонига ташриф буюриб, ундан хабар олдилар ва бир пиёла чой устида иш жараёнида бўлиб ўтган эсда қоларли воқеаларни хотирладилар. Сўнгра шу туманда истиқомат қилувчи профилактика инспекторининг хизмат уйига борилиб, унинг турмуш тарзи, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ўрганилди ҳамда оилавий яшаш шароити кўздан кечирилди.

Барча янгиликлар

Text to speech