Содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг маҳалла аҳли, фаоллари ва масъуллар билан биргаликда муҳокама қилиш, жамоавий таъсир чораларини қўллаш амалиёти қонунбузилиш ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтириш, жиноятга жазо муқаррарлигига, қонунга ҳурмат тушунчасини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Куни кеча пойтахтнинг Учтепа туманида жойлашган “Ватанпарвар” маҳалласида содир этилган жиноятнинг навбатдаги очиқ муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ИИО ФМБ раҳбарияти, соҳавий хизмат ходимлари, туман Прокуратураси, маҳалла раиси, фаоллари, нуронийлар, 78-умумтаълим мактаби жамоаси иштирок этишди. Элликдан ортиқ фуқаролар қатнашган мазкур йиғилишда ҳудудда ичкилик оқибатида содир этилган жиноят муҳокама қилинди. Мазкур жиноят йиғилиш иштирокчилари томонидан қизғин муҳокамага сабаб бўлиб, оила-маҳалла-мактаб доирасидаги ахлоқий-тарбиявий, маданий ишларни кучайтириш, “бир болага етти маҳалла ота-она” тамойилини шакллантиришга катта эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Бу каби жиноятларга йўл қўймаслик мақсадида огоҳлик ва ҳушёрликни кучайтиришга даъват этилди. Шунингдек, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, профилактика ишларининг самарадорлигини ошириш ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳимлиги қайд этилди.