“Оила-ходим-раҳбар самимий мулоқоти” ойлиги доирасида куни кеча пойтахтимизнинг муҳташам “Туркистон” саройида ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва Патруль-пост хизмати бошқармалари ходимлари билан йиғилиш ўтказилди. Хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб, пойтахтимиз ҳудудида тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида фидойи хизмат қилиб келаётган ходимларни рағбатлантириш орқали уларда хизматга бўлган иштиёқи ва ижобий муносабатларини шакллантиришга қаратилган учрашувда ЙҲХБ, ППХБ ходимлари, уларнинг ота-оналари ва фахрийлар иштирок этишди.
Тадбирни пойтахт ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев кириш сўзи билан очиб бераркан, у ўз нутқида сўнгги йилларда ички ишлар органлари фаолиятини замон талабларига мос равишда ташкил этиш борасида ҳукуматимиз томонидан элликдан ортиқ қонунлар, Президентимизнинг бир юз элликдан зиёд Фармон ва Қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг икки юз элликдан ортиқ қарорлари қабул қилинганлигига урғу берди. Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ички ишлар органларида кадрлар сиёсати, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини оширишни самарали йўлга қўйиш, маънавий-маърифий шаклланиши ва рағбатлантириш ишларини ташкиллаштириш, хизматни ўташ тартиби ва меҳнат муносабатларига риоя этиш, шунингдек, ижтимоий ҳимоя жараёнларини таъминлаш борасидаги жиҳатларга эътибор берилаётгани, ушбу ҳужжатларда ички ишлар органлари ходимлари ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш меъёрлари белгилангани, энг муҳими, кундан кунга ички ишлар органлари хизмати илғор, замонавий техник воситалар билан жиҳозланиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланаётгани баробарида ходимларнинг хизмат ўташ ва яшаш шароитлари яхшиланиб бораётганига тўхталди.
Ходимлар фаолиятини ва ижтимоий ҳимоясини яхшилаш учун муҳтарам Президентимизнинг қарорлари билан йигирмага яқин турли хил имтиёзлар жумладан: имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жойлар сотиб олиш, дастлабки фоиз пулини тўлаб бериш, уй-жой шароитини яхшилаш учун фоизсиз қарз ажратиш каби ижтимоий ва тиббий ёрдамлар қаторида фарзандларини мактабгача таълим ва билим юртларига қабул қилинишида белгиланган имтиёзлар қайд этиб ўтилди. Хусусан, ўтган 2024 йилда 237 нафар ходимларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун имтиёзли тавсиялар берилган бўлса, 94 нафари давлат гранти ҳамда 70 нафари контракт асосида билим юртларига қабул қилинган. ИИББ ходимларининг ижтимоий ҳимоясига 27 млрд. сўмга яқин маблағ ажратилган.
Маърузачи ходимлар орасида хизмат интизомини, амалдаги қонун талабларини бузаётган ҳолатларга ҳам тўхталиб, ўз хизмат мавқеларини суиистеъмол қилган, ички ишлар ходими деган номга доғ тушираётган ходимлар борлиги оғриқли нуқта эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг ўз хизмат бурчларини виждонан бажариб келаётган, пойтахтимиз ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, фуқароларимиз хавфсизлигини, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида самарали хизмат қилаётган бир гуруҳ ходимларимизни тақдирлаш учун сўз ИИББ бошлиғи ўринбосари, полковник Алиаҳмед Чориевга берилди. А.Чориев пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ҳудудда тинчлик-осойишталикни таъминлаш борасида соҳавий хизматлар томонидан амалга оширилаётган ишларга эътиборни қаратди. Тошкент шаҳар аҳолисига қулайликлар яратиш, кўчаларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари, жиноятчиликни олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни аниқлаш, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни фош этиш, қидирувдаги шахсларни ушлаш, оммавий тадбирларда барқарорликни таъминлаш ишларида фаол қатнашиб, ўз вазифаларига виждонан, сидқидилдан ёндашиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларга мукофотлар топширилди. Уларнинг ота-оналарига миннатдорлик эълон қилинди. Ички ишлар органларида самарали меҳнат қилиб, хизмат муддатларини ўтаб, нафақа ёшига етган ходимлар тантанали равишда нафақага кузатилди. Йиғилишнинг бадиий қисми ИИББ қошидаги “Ниҳол” ҳаваскорлик гуруҳининг бадиий чиқишлари, шўх куй-қўшиқлари, рақслари билан давом эттирилди.