Юртбошимизнинг жорий йилнинг илк кунлариданоқ мамлакат бўйлаб жиноятчиликка қарши кураш, уларнинг содир этилмасдан барвақт аниқлаб олдини олишга қаратилган «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг эълон қилиниши бу борада ички ишлар органлари томонидан амалга ошириб келинаётган ишлар суръатини жадаллаштирди. Қарорнинг мазмун-моҳияти чуқур ўрганилиб, унинг ижроси бўйича тегишли зарурий чоралар белгиланиб, ижроси таъминланиб келинмоқда. “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлар ойлиги қарор ижросининг узвий давоми бўлиб, ўз самарадорлиги ва натижакорлигини намоён этмоқда. Ойлик доирасида туман ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан Янгиҳаёт туманидаги маҳаллаларнинг раислари, фаоллари, ҳокимлик масъуллари ҳамда ҳамкорлар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда ойлик доирасида ҳамкорликда амалга ошириладиган иш режалари муҳокама қилиниб, бу борада иштирокчиларнинг қўшимча таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Шунингдек, жорий йилнинг 1-20 июль кунлари туман маҳаллаларида қайд этилган талончилик, безорилик, қасддан оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятлар тафсилотлари баён этилиб, уларнинг жамоавий муҳокамасига кенг ўрин берилди. Йиғилганлар мазкур жиноятларнинг йўл қўйилишига сабаб бўлган ҳолатлар ҳамда фуқароларнинг лоқайдлигини олдини олиш, уларни жамият ҳаётида фаоллаштириш, маҳалла аҳлининг ҳуқуқий саводхонлиги, ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Муҳокама сўнггида маҳаллаларда вужудга келган айрим муаммолар ҳам тингланди. Биргаликда уларни бартараф этиш чоралари белгиланди. Ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.