15 Январ 2026 йил 972

Туманларда “Миграция профилактикаси ойлиги” давом эттирилмоқда

Пойтахтимизда “Миграция профилактикаси ойлиги” доирасида профилактик тадбирлар давом этмоқда. Ойлик доирасида Олмазор тумани ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Иброҳим Хасанов туманда жойлашган “Қичқириқ” маҳалласида бўлиб, тадбирга жалб этилган ходимлар иштирокида йўриқнома ўтказиб, ойликнинг мазмун-моҳияти, тадбирдан кўзланган мақсад, ходимларнинг олдига қўйилган вазифалари билан таништирди. Ушбу маҳаллада бир ярим мингга яқин хонадонлар мавжуд бўлиб, беш ярим мингга яқин турли миллат вакилларидан иборат аҳоли тинч-осойишта истиқомат қилиб келмоқда. Узоқ вақт давомида чет давлатларда яшаб, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал қилиш ва соғлом ҳаётга қайтариш, улар билан ижтимоий профилактик тадбирларни амалга ошириш мақсадида маҳалла ҳудудида рўйхатдан ўтмай яшаб келаётган шахслар рўйхатга қўйилди. Улар билан суҳбатларда доимий иш билан банд бўлмаганларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилди. Узоқ муддатга Республика ҳудудидан чиқиб кетган 175 нафар фуқаронинг яқинлари билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўттизга яқин профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари тингланди. Уч нафар жанжалкаш оилалар билан маҳалла “еттилиги” индивидуал тартибда ишланди. Маҳалла аҳли билан ўтказилган тушунтириш ишларида маҳалла тинчлиги ва осойишталигини сақлашда, жиноятчиликни олдини олишда огоҳликни ошириш, маҳаллага бегона шахслар келганида ёки ноқонуний яшаб келаётганлар ҳақида маҳалла профилактика инспекторларига ўз вақтида хабар бериш лозимлиги таъкидланди. Бу каби тадбирлар пойтахтимизнинг барча туманларида давом эттирилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech