18 Сентябр 2025 йил 461

Туманларда меҳнат ярмаркалари

Юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш орқали турмуш даражасини ошириш, оилалар фаровонлигини, фуқароларни жамият равнақидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани эътирофга лойиқ. Бу жараёнлар пойтахтимиз ИИББ хусусан, пробация хизмати томонидан самарали равишда амалга ошириб келинмоқда. Маълумки, пробация ҳисобида турувчи шахслар алоҳида тоифани ташкил қилиб, жамоат ташкилотлари мутасаддилари томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда кўмагига муҳтождирлар. Шу боис Яшнобод туманида жойлашган “Технопарк” корхонасида туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ва пробация бўлими ташаббуси билан бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда пойтахтнинг Яшнобод, Мирзо Улуғбек ҳамда Юнусобод туманларидан ишсиз бўлган юздан ортиқ фуқаролар ва пробация рўйхатида турувчи 20 нафар маҳкумлар қатнашди. Ярмарка бошланишидан аввал корхона раҳбари тадбирга таклиф этилганларга корхонада мавжуд бўш иш ўринлари, иш ҳақи, иш тартиби, ишчиларга кўзда тутилган ижтимоий пакетлар, яратилган шарт-шароитлар ҳамда бошқа имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар берди. Ўз қизиққан бўш иш ўринлари бўйича қўшимча саволларига жавоб олган номзодлардан 30 нафари жумладан, уларнинг 5 нафари пробация ҳисобида турувчи шахслар корхона кадрлар бўлимига тегишли ҳужжатларни топширишди. Шундай хайрли тадбирлардан навбатдагиси пойтахтнинг Чилонзор туманида ҳам ўтказилди. Туман ИИО ФМБ Пробация ҳисобида турувчи 6 нафар маҳкумларга тумандаги корхона-ташкилотлардаги бўш иш ўринлари тавсия этилиб, танлаган иш ўринлари бўйича йўлланмалар берилди. Бу каби ўзгалар кўмаги, қўллаб-қувватлашига муҳтож юртдошларимизга инсонийлик намуналарини кўрсатиш, жамиятнинг фаол фуқароларига айлантириш борасидаги ишлар пойтахт ИИББ таркибий ҳамда ҳудудий бўлинмалари томонидан даврий равишда давом эттирилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech