Пойтахтимиз аҳолисининг мурожаатлари, мавжуд муаммоларини ҳал қилиш орқали уларнинг эркинликлари, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида барча туманларда масъуллар томонидан шахсий ва сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Ана шундай қабуллардан навбатдагиси Шайхонтоҳур туманида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Б.Абубакиров, прокурори А.Усмонов, ИИО ФМБ бошлиғи О.Жамолов ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди. Масъуллар томонидан 23 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланди. Мурожаатларни ўрганиш жараёнида 7 таси жойида ижобий ҳал этилди. 7 таси бўйича ҳуқуқий тавсиялар ва йўл-йўриқлар берилди. 9 нафар фуқароларнинг аризалари қўшимча ўрганиш ва текшириш талаб қилганлиги боис, уларнинг ижро муддатлари белгиланиб, назоратга олинди. Бу каби халқ билан юзма-юз мулоқотлардан кўзланган асосий мақсад – аҳоли кенг қатламлари ичига кириб, юзага келаётган муаммоларни ўрганиб биргаликда ҳал этиш, фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган.