16 Июл 2025 йил 720

Туман ҳокими ички ишлар ходимлари билан учрашди

Яккасарой тумани ҳокимлигида учрашув бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Нилуфар Аллабергенова, туман ИИО ФМБ бошлиғи Алишер Муродов, шунингдек маҳаллаларда фаолият юритаётган профилактика инспекторлари иштирок этдилар.

Учрашувда туманда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни камайтириш, аҳолида ҳуқуқий маданиятни ошириш ва профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Туман ҳокими Нилуфар Аллабергенова ўз нутқида ички ишлар тизими ходимлари зиммасига катта масъулият юклатилганини таъкидлади. Шунингдек, маҳалла инспекторларининг аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиши, ҳар бир хонадонга етиб бориши, фуқароларнинг муаммоларини вақтида аниқлаб, уларнинг олдини олишда фаол бўлиши зарурлигини қайд этди.

“Ҳар бир профилактика инспектори ўз маҳалласида тинчлик ва осойишталикни таъминлашда асосий кучдир. Халқ билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини эшитиш ва ҳал этиш орқали ишончни мустаҳкамлаймиз. Ҳар бир хонадонда осойишталик бўлса, бутун юртимиз тинч ва фаровон бўлади,” – деди туман ҳокими.

Учрашув давомида ички ишлар органлари ва маҳалла тизими ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кенгайтириш ҳамда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш масалалари юзасидан топшириқлар берилди.

Йиғилиш якунида масъулларга аҳолининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Барча янгиликлар

Text to speech