1 Август 2025 йил 555

Тўғри қарор, ишончли ҳаракат суиқасднинг олдини олди

Тонгги соат 6.30 лар атрофида Яккасарой туманидаги кўп қаватли уйларнинг бири олдида бақир-чақир овозлари кўпчиликни деразадан қарашга, ҳовлига чиқишга мажбур қилди. Кўп қаватли уйнинг 9-қаватидаги икки айвон ўртасидаги бўшлиқда ёши тахминан 15 лардаги қиз пастликка сакраб ўз жонига қасд қилишга тараддудланиб турарди. Кимдир вақтни бой бермай, уй йўлагига ўрнатилган “ташвиш” тугмасини босди. Хабар тушиши ҳамон туман ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лейтенант Санжар Бекмуродов зудлик билан воқеа жойига етиб келди. Ёрдам кутишга фурсат йўқ. Ҳолатни тўғри баҳолаганча, вақтни қўлдан бой бермай юқори қаватга югуриб эмас, учиб чиқди гўё. Қўшни уй айвонидан қиз турган жойга яқинлашаркан, оҳиста овозда қизни чалғитувчи суҳбатга тортди. Бироқ қиз стресс ҳолатида бўлиб, тажовузкорлик ва қўполлик билан суҳбатдан бош торта бошлади. Орадан дақиқалар ўтиб борар, қиз мулоқотга киришмас, қароридан қайтмас ва ҳар сонияда ўзини пастга ташлаш билан таҳликали вазиятни вужудга келтирарди. Шу яқин атрофда хизмат олиб бораётган, Санжарнинг ортидан воқеа жойига изма-из етиб келган ППХ ходими, сафдор Фирдавс Жаҳонов ҳам имкон қадар Санжарга ёрдам қўлини чўзишга уринаётганди. Санжар арқон сўради, вақт тиғизлиги сабабли Фирдавс ўйлаб ўтирмай камарини ечиб бир учини Санжарга узатди. Санжар қизнинг эътиборини йўқотмаган ҳолда камарнинг иккинчи учини маҳкам ушлаб у томон яқинлаша бошлади. Орадан 15-20 дақиқалар ўтиб, Санжар қайсар қизни маҳкам ушлашга эришди. Энди фақат қизнинг эмас Санжарнинг ҳам ҳаёти қил устида турарди. Негаки, қизнинг ҳаракатларига ишониб бўлмас, бир ножўя ҳаракат қилса, иккиси ҳам пастга қуларди. Лейтенантнинг самимий меҳрибонлиги, ғамхўрлиги қизга таъсир қилдими, ҳар ҳолда фикридан қайтди. Бу вақтда шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳам етиб келишган вазиятни юмшатиш ҳамда профилактика инспектори ва қизни қутқариш ишларини бошлаб юборишган эди. Санжар улар ташлаган арқон ёрдамида қизни юқорига бешикаст кўтарилишига ёрдам берди. Қизни эсон-омон ишончли қўлларга топширганидан кўнгли тўлган Санжар чуқур тин олди ва ўзи ҳам руҳий чарчаганини сезди. Дастлабки, маълумотларга қараганда қиз ўзаро оилавий жанжал туфайли ўз жонига қасд қилишга уринганлиги маълум бўлди. Қизнинг онаси қутқарув ишларида қатнашган барчага, айниқса “Дамариқ” маҳалласи профилактика инспектори, лейтенант Санжар Бекмуродовга чуқур миннатдорлигини изҳор этди.

Лавҳамиз қаҳрамони ички ишлар органларидаги фаолиятини 2021 йилда шаҳар ИИББ ППХ бригадасида, сафдор лавозимида бошлаган. Яккасарой туманида жойлашган “Дамариқ” маҳалласи профилактика инспектори лавозимида фаолият юритаётганига кўп бўлгани йўқ. Бироқ маҳаллада тинчлик-осойишталикни сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва қонунбузилишларининг олдини олиш ишларида фаол. Айни дамда маҳалла “сариқ” тоифага ўтказилган. Лейтенант С.Бекмуродов Президентимизнинг маҳаллалар ҳудудида хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирлари тўғрисида қабул қилган қарорининг мазмун-моҳиятини чуқур англаган ҳолда унинг ижросини таъминлаш борасида маҳалла еттилиги, масъуллар ҳамкорлигига таяниб бу борадаги ишлар суръатини жадаллаштирмоқда. Профилактика инспекторлари томонидан пойтахтимизда ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом” юрт” ойлиги доирасида маҳаллада тушунтириш ишлари кўлами барча корхона-ташкилот ва ўқув юртларини қамраган. Профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари, еттилиги ҳамда мутасаддиларнинг ягона мақсадлари ҳудудда жиноятчиликка барҳам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тинчлик-осойишталикни таъминлашга қаратилган.

Лавҳамиз қаҳрамонининг пойтахт ҳудудида осойишталик ва тинчлиги йўлида амалга ошириб келаётган ишлари эътиборсиз қолаётгани йўқ. Куни кеча аниқ ва тўғри чоралар қўллаб, бир навқирон инсонни ажал ёқасидан асраб қолишга эришгани ҳам эътиборсиз қолмади. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Тошкент шаҳар Мудофаа бошқармаси, шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Божхона бошқармаси масъуллари, ходимлари иштирокида ўтказган йиғилишида лейтенант Санжар Бекмуродовнинг мардона ҳаракатларига ижобий баҳо берилиб, унга тантанали равишда ташаккурнома эълон қилинди ҳамда қимматбаҳо совға билан мукофотланди.

Барча янгиликлар

Text to speech