17 Май 2023 йил 745

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан транспорт воситасини олиб қочганликда гумонланувчи шахс қўлга олинди

Жорий йилнинг 11 май куни Чилонзор тумани ИИО ФМБга 35 ёшли Нурлан К. мурожаат қилиб, кўчада эшиклари очиқ ва калити ўт олдиргичда қаровсиз қолдирилган “Матиз” русумли автомашинасини номаълум шахс олиб қочиб кетганлигини маълум қилган. Аниқланишича, 39 ёшли Максим П. транспорт воситасининг эшиклари қулфланмаганлиги ҳамда калити ўзида бўлганлиги сабабли, машинага ўтириб, номаълум томонга кетиб қолган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида гумонланувчи қўлга олинган. Шу билан бирга, Максим Яккасарой туманида йўл транспорт ҳодисасини ҳам содир этганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Ҳурматли ҳайдовчилар! Очиқ ҳолда қаровсиз қолдирилган автомобиль ғаразгўйлар учун жалб қилувчи омил ҳисобланади. Транспорт воситангиздан бир неча дақиқага узоқлашишни режалаштирганингизда ҳам уни калит билан қулфлаб кетинг.

Барча янгиликлар

Text to speech