Шу кунларда юртимизда “Яшил макон” лойиҳаси кенг кўламда давом эттирилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида республикамиз бўйлаб кўчат экиш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш ишлари амалга оширилмоқда. Яшил макон - барча учун тушунарли, номи равон, мазмуни чуқур, моҳияти улуғ ибора. Яшаётган манзилимиз, маҳалламиз, шаҳримизни кўркамлаштириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ҳам мазкур лойиҳага ҳар йили алоҳида эътибор қаратилади. Шу аснода пойтахт туманларида яшил ҳудуд яратилишига ИИО ходимлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Янгиҳаёт туманида ҳам “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан яшил ҳудудларнинг яратилиши давом эттирилмоқда.
Тадбирда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев, шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва бошқа масъуллар иштирок этди. Мазкур ҳудудда кўплаб манзарали дарахтлар экилди. Бу лойиҳада фаол иштирок этиш орқали нафақат табиатни, балки ўз саломатлигимизни, қолаверса, келгуси авлодлар соғлигини сақлашга ҳисса қўшган бўламиз.