21 Июл 2025 йил 602

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи бошчилигидаги ишчи гуруҳ Олмазор туманида ўрганиш олиб борди

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган 1-сонли қарор ижросини таъминлаш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни сақлаш механизмини мустаҳкамлаш мақсадида жойларда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча пойтахт ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Олмазор туманида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида туманга ташриф буюрди. Ишчи гуруҳ томонидан туризм объектларида ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, кузатув камералари ва ташвиш тугмалари ўрнатилиши, ҳудудга бириктирилган ходимларнинг иш жараёнлари, маҳаллий аҳоли ва туристлар учун яратилаётган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди.

Жумладан, ишчи гуруҳ аъзолари туман ҳокими Азизхон Умархонов билан бирга – барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказидаги қурилиш жараёнлари ва у ерда хавфсизликни таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларни ўрганди. Мазкур объектда туристлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари доимий фаолият олиб бориши учун яратилаётган шароитлар билан танишилди. Ҳудудга кузатув камералари ўрнатилган бўлсада, ҳудудни тўлиқ қамраб олиш мақсадида камералар сонини кўпайтириш ҳамда Бош бошқарманинг Ягона тезкор бошқарув марказига интеграция қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ишчи гуруҳ томонидан “Чустий” маҳалласида Қарор ижросини таъминлаш борасида профилактика инспекторининг маҳалла еттилиги билан ҳамкорлиги ўрганилди. Маҳаллада тажриба тариқасида маслаҳатчи-мураббийлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ушбу лавозимда ИИОда кўп йиллар хизмат қилиб нафақага чиққан фахрийлар фаолият олиб боради. Учрашув давомида Бош бошқарма болиғи маслаҳатчи-мураббийлар билан самимий мулоқот қилиб, уларнинг фикр ва мулоҳазаларини тинглади. Маҳаллада амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ишчи гуруҳ томонидан туман ИИО ФМБ ва барча ИИБлар, Ягона навбатчи диспетчерлик хизмати фаолияти кўздан кечирилиб, ходимларнинг хизмат жараёнлари, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар текширилди.

Ўрганишлар якуни бўйича Бош бошқарма бошлиғи томонидан шаҳар ва туман масъулларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилиб, ижроси юзасидан муддатлар белгиланди.

Ишчи гуруҳ томонидан бу каби ўрганишлар барча туманларда давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech