Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Aзиз Ташпулатов Яккасарой туманидаги “Конституция” маҳалласида навбатдаги сайёр қабул ўтказди. Унда туман ҳокими ва ИИО ФМБ бошлиғи, туман ҳокимиятининг масъул ходимлари ҳамда мутассади ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар. Сайёр қабул давомида фуқаролардан 40 тадан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлар асосан соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш, ободонлаштириш масалалари, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда амалий ёрдам бериш ва бошқа масалаларга тегишли эди. Қабулда тегишли идора ва ташкилот вакилларининг иштироки сабабли, фуқаролардан тушган 17 та мурожаат жойида ҳал этилди. Бир қатор мурожаатлар бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқиш муддатлари белгиланди ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шунингдек, йиғилишда 7 нафар ёшларга зарур жиҳозлар, касб-ҳунар ўқитиш курсларида ўқишга йўлланмалар ҳамда шартнома тўловини тўлаш учун сертификатлар топширилди. Шу билан бирга, 5 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди, яна 5 нафар фуқаро мурожаатларини ўз вақтида ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатган Бош бошқарма бошлиғига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.