Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Aзиз Ташпулатов томонидан Яшнобод туманидаги “Ишга марҳамат” мономарказида ўтказилган сайёр қабулда фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари жойида ҳал этилди. Сайёр қабулда туман ҳокими Бахтиёр Рахманкулов, барча сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилотларнинг вакиллари қатнашдилар. Қабул давомида фуқаролардан 55 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди, қолганлари масъуллар томонидан назоратга олинди. Мурожаатлар асосини ўзини-ўзи банд қилиш, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий масалалар, коммунал хизматлар, уй-жой таъмирлаш, кредит ва субсидиялар олишга оид масалалар ташкил этди. Фуқароларга имтиёзли кредитлаш тизими бўйича уй-жой олиш тартиблари атрофлича тушунтирилиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шунингдек, шундай сайёр қабул Тошкент шаҳар ИИББ биносида ҳам ташкил этилди. Қабул чоғида ишга жойлашишда кўмаклашиш, ички ишлар органлари, жумладан, тергов ва пробация хизмати фаолиятига оид масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ишга жойлаштиришда манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Бу каби учрашувлар шаҳарнинг барча туманларида ўтказилмоқда.