24 Сентябр 2022 йил 1175

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Олмазор тумани ёшлари билан учрашди

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Тошкент шаҳар 3-сектор раҳбари, пойтахт ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов Олмазор туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ ёшлар билан учрашув ўтказди.
“Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопарки ” биносида ўзаро ишонч ва самимийлик руҳида бўлиб ўтган учрашувда Олмазор тумани ҳокими Азизхон Умарханов, сектор раҳбарлари ва 150 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Олмазор тумани ёшлари билан ўтган учрашувда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Йиғилиш давомида “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи ёшларга ўз-ўзини банд қилиши учун асбоб-ускуналар топширилди, талабаларга эса контракт пулини тўлаш учун сертификалар топширилди.
Учрашув давомида сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Унда тумандаги пробация ҳисобида турувчи ёшлар масаласи жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан кўриб чиқилди. 4 нафар маҳкум суд томонидан берилган чекловларга амал қилгани, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлганлиги ва тузалиш йўлига ўтганлиги сабабли, суд ҳукмига кўра муддатидан аввал жазодан озод қилинди.
Шундан сўнг, А.Ташпулатов ва А.Умархановлар ёшларнинг бевосита мурожаатлари тинглади. Келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти иш топиш, ўз-ўзини банд қилиш, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш каби йўналишлардан иборат бўлди. Барча мурожаатлар ва уларнинг ижроси Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ва туман ҳокими томонидан назоратга олинди, айрим мурожаатларни ҳал этиш учун мутассади раҳбарларга муддат белгиланди.
Бу каби учрашувлар шаҳарнинг барча туманларида ўтказилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech