Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди
Унда пойтахт ички ишлар бош бошқармасининг бошқарма ва қуйи тизим раҳбарлари ҳамда шахсий таркиби иштирок этди. Муҳокама мавзуси Ўзбекистон Республикаси Конституциясига таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида бўлди. Мамлакатнинг асосий қонунига ўзгартириш бўйича таклифлар 4 июлгача давом этади ва якунида умумхалқ референдуми ўтказилади. Тадбирни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор А.А.Ташпулатов кириш сўзи билан очди. Бош бошқарма бошлиғи мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси яратилиш тарихи – бу мустақиллик учун курашнинг узвий таркибий қисми бўлиб, уни тайёрлаш, муҳокама этиш, қабул қилиш йўлидаги 10 та ҳуқуқий қадамни муҳим тарихий воқеа сифатида санаб ўтди. Жумладан, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини, республикамизда Президентлик лавозими жорий этилишини, “Мустақиллик декларацияси” эълон қилинишини, Конституциявий комиссиянинг ташкил этилишини, Биринчи Президентимизнинг Ҳиндистонга 1991 йилги ташрифи билан чамбарчас боғлиқлигини, Давлат мустақиллигининг эълон қилинишини, 1991 йил 29 декабрда Президент сайлови ва Давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдуми ўтказилишини, биринчи Конституция лойиҳаси илк бор матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинишини, Конституция лойиҳасининг иккинчи марта матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинишини, Конституция лойиҳасининг қабул қилиниши ва кенг кўламли изланишлар якунида 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтди.
Ўтган давр мобайнида Конституциямизга 16 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, бу жараёнлар ҳам ўзига хос машаққат билан амалга ошириб келинди. Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида давлат ва жамият ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилмоқда.
Шундан сўнг, сўз навбати ИИВ Академияси илмий котиби, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент подполковник Фарход Примовга берилди. У Муҳтарам президентимиз томонидан илгари сурилган таклифларни, жумладан “Миранда қоидаси”ни яъни, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилишини, “Хабеас корпус” институти ва шу каби нормаларни белгилаш каби масалалар бўйича атрофлича тушунтириш бериб ўтди.