11 Феврал 2026 йил 392

Тошкент шаҳрида ички ишлар ва прокуратура органларида фаолият юритаётган тергов бўлинмалари ходимларини ўқитиш, билим ва малакасини оширишга қаратилган семинар бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ўтказилди.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари А. Усманов, Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Р. Ашропов ва Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи А. Урманов бошчилигида ўтказилган семинар-машғулотида 2025 йилда судлар томонидан чиқарилган оқлов ҳукмлари ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 416 (судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) ва 417 (жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) моддалари тартибидаги ажримлар таҳлили муҳокама қилинди.

Олий суд судьялари И. Раҳмонқулов ва Э. Турғунбоев томонидан тергов (суриштирув) органлари ходимларининг эътибори ўз фаолиятида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга қаратилиб, келгусида уларни такрорланишига йўл қўймаслик бўйича тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, тергов ва суд жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга қаратилган конституциявий нормаларга оғишмай амал қилиш тергов органлари ва судларнинг олдида турган умумий асосий вазифа эканлиги таъкидланди.

Мазкур семинарда маърузачилар томонидан берилган маълумотлар юзасидан қизғин муҳокамалар ўтказилди, берилган саволларга атрофлича жавоблар берилиб, тергов сифатини янада яхшилаш бўйича иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.

Семинар сўнгида билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

© Тошкент шаҳар судлари | Расмий канал

Барча янгиликлар

Text to speech